“Навоийазот” АЖнинг аммиак цехи фаолияти тўхтатилди

Жамият

image
“Ходимлар хонасидан чиқди”. Навоийда 20 дан ортиқ корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди (видео) north_east

“Ходимлар хонасидан чиқди”. Навоийда 20 дан ортиқ корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди (видео)

Навоий вилоятидаги “Навоийазот” АЖ ва “Согда кимё завод” МЧЖга қарашли учта цех фаолияти суд қарори билан вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Билдирилишича, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда бошқа мутахассислар томонидан Навоий шаҳри ва Кармана тумани атрофидаги I ва II тоифали корхоналар ва ушбу ҳудуддаги оҳак пишириш хумдонлари фаолияти ўрганилган. Назорат тадбирлари давомида 22 та саноат корхонаси экологик талабларга зид тарзда фаолият олиб бораётгани аниқланиб, қарор асосида ушбу корхоналар фаолиятини тўхтатиш юзасидан тегишли чоралар кўрилган ва 25 нафар масъулнинг маъмурий жавобгарликка тортилган.

Шунингдек, атмосферага салбий таъсир кўрсатувчи 22 та корхона ва цех фаолиятини тўхтатиш юзасидан иқтисодий судларга даъво аризалари киритилган. Мазкур даъво аризаларидан 20 таси Кармана туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилиб, 19 таси қаноатлантирилган.

Хусусан, 23 сентябрь куни Навоий вилоят судининг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан Кармана туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори юзасидан берилган шикоят аризаси кўриб чиқилиб, “Навоийaзот” АЖнинг 23-цехи (аммиак) ва Кармана туманида жойлашган “Согда кимё завод” МЧЖга қарашли учта цех фаолияти суд қарори билан вақтинча тўхтатилган.

Бундан ташқари, рейд тадбири давомида жами 92 та ноқонуний ва қўлбола усулда қурилган оҳак пишириш хумдонлари аниқланиб, тегишли ташкилотлар иштирокида тўлиқ буздирилган.

Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни тонгги вақтда Навоий вилоятининг Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплаганди. 21 июль куни тонгги вақтда Навоий шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудларда яна чангсимон тутун кузатилганди.

Кейинроқ эса журналист Рухсора Бобоқулова “Навоий” телеканали эфирида Навоий шаҳрида заҳарли газлар тарқалаётганини айтиб, эгология бошқармаси ходимларини “салқин хонасидан чиқиб, у қаердан келаётганини аниқлаш”га чақирди. Журналист очиқ гапиргани ортидан унга босим бўлаётгани, Навоий вилояти телерадиоканалида жонли эфирлар тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги эса Рухсора Бобоқуловага ҳеч қандай тазйиқ ўтказилмагани ва у ўз ижодий фаолиятини давом эттираётганини билдирди. 

Бунёд Келдибоев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Навоийазот Экология аммиак Согда кимё завод

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг