“Назорат кучайтирилган”: Мисрдаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Жамият

image

Миср Араб Республикасидаги хорижий фуқаролар устидан назорат кучайтирилди. Бунинг ортидан Ўзбекистон фуқароларининг ҳам маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушлаб турилиш ҳолатлари кўпайган. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ушбу ҳолат ортидан огоҳлантириш билан чиқди.

“Сўнгги вақтларда Ўзбекистон Республикасининг Миср Араб Республикасидаги элчихонасига фуқароларимизнинг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушлаб турилиш ҳолати билан боғлиқ мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Бу ҳолатлар юзасидан Миср ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари билан музокаралар олиб борилмоқда”, дейилади элчихона хабарида.

Миср ваколатли органларининг расмий маълумотларига кўра, мамлакат пойтахти Қоҳира ва бошқа йирик шаҳарларда хорижий фуқаролар томонидан миграция қонунчилиги ҳамда жамоат тартиб-қоидаларига риоя этилиш устидан назорат кучайтирилган. Хусусан, Миср ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган, амалдаги ҳужжатларга эга бўлмаган, шунингдек, жамоат тартибини бузган хорижий фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар, жумладан, депортация тадбирлари қўлланилмоқда.

Шу сабабли, салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида Мисрда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига қуйидагилар қатъиян тавсия этилади:

  • маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш;
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжатни (паспорт) доимо ўзи билан олиб юриш;
  • Миср ҳудудида бўлиш учун амалдаги виза ёки вақтинчалик/доимий яшаш рухсатномаси(иқома)га эга бўлиш;
  • тегишли рухсатномасиз меҳнат фаолияти билан шуғулланмаслик;
  • виза ёки яшаш рухсатномасининг (иқома) амал қилиш муддатини ўз вақтида узайтириш.

Маҳкамада ушлаб турилган тақдирда:

  • паспорт ва бошқа шахсий ҳужжатларни бегона шахсларга бермаслик;
  • имкон қадар тезроқ Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасига мурожаат қилиш (тел: +20233361723, +20233364516).

Шунингдек, фуқаролар Миср ҳудудида бўлиб турган давр мобайнида шахсни тасдиқловчи ҳамда мамлакатда қонуний бўлишни тасдиқловчи ҳужжатларни эҳтиёткорлик билан сақлаши ва доимо ўзи билан бирга олиб юриши зарур.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Мисрда ўзбекистонлик талабаларга нисбатан рейдлар ўтказилиб, ҳеч қандай сабабсиз қўлга олинаётгани ҳақида QALAMPIR.UZ’гa мурожаат келиб тушганди. Унда талабаларнинг ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, уларни зўравонлик билан, уйларига бостириб кириб олиб кетишаётгани айтилганди. Кейинроқ уларнинг мамлакатда бўлиш қоидаларини бузгани сабабли ушлаб турилгани аниқланган. Шу билан бирга, 1 нафар ўзбекистонликнинг Миср ҳудудида қонуний асосда бўлиб турганини тасдиқловчи аниқ ҳужжатлари тақдим этилганидан сўнг вақтинча сақлаш марказидан чиқарилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Миср назорат миграция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг