Нетаньяху билан Ғарбий соҳил масаласида тўлиқ келишмадик – Трамп
Олам
−
30 Декабрь 2025 1487 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 29 декабрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан Исроил томонидан ишғол қилинган Ғарбий соҳил масаласида тўлиқ бир фикрга келмаганини айтди. Бироқ республикачи лидер қайси масалада келишмовчилик борлигини аниқ айтмади.
Флорида штатининг Мар-а-Лаго қароргоҳида Нетаньяху билан учрашувдан кейин ўтказилган брифингда Трампдан Ғарбий соҳил бўйича Нетаньяхуга қандайдир хабари бор-йўқлиги ва у ердаги яҳудий кўчманчилар зўравонлиги тинчлик жараёнига путур етказишидан хавотирдамисиз, деб сўрашди.
“Биз Ғарбий соҳил ҳақида узоқ вақтдан бери катта муҳокамалар олиб боряпмиз. Айтмасдимки, бу масалада 100 фоиз келишганмиз, лекин Ғарбий соҳил бўйича бир қарорга келамиз”, деди Трамп.
Улар ўртасидаги келишмовчилик нима экани ҳақида сўралганда эса Трамп:
“Мен ҳозир буни очиқламоқчи эмасман, вақти келиб эълон қилинади. Нетаньяху тўғри қарор қабул қилади”, деди Президент.
Исроил сўнгги пайтларда Ғарбий соҳилда фаластинликларга қарши кўчманчилар томонидан қилинган ҳужумларни чеклаш бўйича халқаро босимга дуч келмоқда. 2,7 миллион фаластинлик яшайдиган Ғарбий соҳил Исроил билан бирга келажакда Фаластин давлати тузиш режаларининг марказида туриб келмоқда.
БМТ, фаластинликлар ва дунёнинг аксар давлатлари Ғарбий соҳилдаги яҳудий қўниш жойларини халқаро ҳуқуққа зид, деб ҳисоблайди. Исроил эса бунга қўшилмай, ер билан боғлиқ библиявий алоқалар ва хавфсизлик масалаларини далил қилади. Ҳозирда Ғарбий соҳилда тахминан 500 минг исроиллик кўчманчи яшайди.
БМТнинг энг олий суди ўтган йили Исроилнинг Фаластин ҳудудларини ишғол қилиши ва у ердаги қўниш жойлари ноқонуний эканини ҳамда улар тугатилиши кераклигини билдирган эди.
БМТ маълумотларига кўра, 2023 йил октябридан 2025 йил октябригача Ғарбий соҳилда мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган – уларнинг аксарияти хавфсизлик кучлари операциялари давомида, бир қисми эса кўчманчилар зўравонлиги оқибатида. Шу даврда фаластинликлар ҳужумлари натижасида 57 нафар исроиллик ҳалок бўлган.
Live
Барчаси