Нетаньяху “The New York Times”ни судга берди

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакат Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар “The New York Times” нашрига қарши туҳмат бўйича даъво аризаси беришга қарор қилди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот хизмати хабар берди.

Бунга нашрда чоп этилган, Исроил куч тузилмалари томонидан фаластинликларга нисбатан жинсий зўравонлик ва таҳқирлар қўлланилгани ҳақидаги мақола сабаб бўлган.

Исроил ҳукумати матбуот хизмати баёнотида айтилишича, нашр мухбири Николас Кристофнинг мақоласи “замонавий матбуотда Исроилга қарши эълон қилинган энг жирканч ва бузиб кўрсатилган ёлғон материаллардан бири” деб баҳоланган.

Нетаньяхунинг айтишича, мақолада Исроил аскарларига туҳмат қилинган ва “қонли бўҳтон” тарқатилган.

“Улар ҲАМАС террорчилари билан Исроил аскарлари ўртасида сохта тенглик яратишга уринди”, деган Исроил Бош вазири.

У бу айбловларни ҳам жамоатчилик олдида, ҳам суд орқали рад этишини билдирган.

11 май куни эълон қилинган мақолада фаластинлик маҳбуслар ва қўлга олинганларга нисбатан Исроил хавфсизлик кучлари томонидан жинсий зўравонлик ҳолатлари бўлгани айтилган.

Мақола муаллифи собиқ маҳбуслар интервьюлари, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари маълумотлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти материалларига таянган.

Материалда эркаклар, аёллар ва вояга етмаганлар қамоқхоналар ҳамда қўлга олиш пайтида зўравонлик ва таҳқирларга учраганини айтгани келтирилган.

Шу билан бирга, мақолада Исроил раҳбарияти бундай ҳаракатларга бевосита буйруқ берганини тасдиқловчи далиллар йўқлиги ҳам қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эронга қарши операция вақтида Бирлашган Араб Амирликларига махфий ташриф буюргани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил ҲАМАС Биньямин Нетаньяху The New York Times

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг