Неймарни собиқ ошпази судга берди
Спорт
−
07 Март 1800 2 дақиқа
Бразилиянинг “Сантос” клуби футболчиси Неймарнинг собиқ шахсий ошпази футболчини судга берди ва 43 минг евро тўлашга мажбур қилди. Бу ҳақда “Daily Mail” нашри хабар берди.
Нашрга кўра, футболчининг собиқ ошпази бразилиялик юлдузни судга берган. У Неймар ва унинг дўстлари учун футболчининг вилласида овқат тайёрлаш жараёнида меҳнат шартномасидан ташқари жуда узоқ вақт ишлашга мажбур бўлганини ва бунинг оқибатида жисмоний жароҳатлар олганини даъво қилган.
Ошпазнинг айтишича, у кўпинча кунига 16 соатгача, баъзан ярим тунгача – Неймар ва 150 дан ортиқ меҳмон учун овқат тайёрлаган. Ҳолбуки, унинг шартномасига кўра иш вақти душанбадан пайшанбагача соат 07:00 дан 17:00 гача, жума куни эса 16:00 гача бўлиши керак эди. Шунингдек, у дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбур бўлганини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, ҳаддан ташқари иш юкламаси жиддий бел оғриғи ва сон бўғимида яллиғланиш каби муаммоларни келтириб чиқарган.
Дастлаб у жами 50 минг доллар миқдорида компенсация – ортиқча иш ҳақи, ишдан бўшатиш тўлови, маънавий зарар, даволаниш харажатлари ва пенсия учун тўлов талаб қилган. Суд қарорига кўра эса Неймар 43 минг евро тўлаб бериши белгиланган.
Маълумотларга кўра, суд жараёнида футболчи билан бирга ошпазни ишга олган учинчи томон компанияси ҳам жавобгар сифатида кўрсатилган.
Live
Барчаси