Ноқонуний олтин қазувчилар 17,2 кг олтин ва кумуш қоришмаси билан ушланди

3-саҳифа

image

Навоий вилоятида ноқонуний олтин қазувчилар қўлга олиниб, улардан 17,2 кг олтин ва кумуш қоришмаси ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан давлат захирасидаги ерларда ноқонуний олтин қазиб олиш ва уни кимёвий қайта ишлаш билан шуғулланувчилар фаолиятига чек қўйиш мақсадида тезкор тадбир ўтказилган.

Хусусан, ноқонуний олтин савдосига ихтисослашган уюшган жиноий гуруҳ хорижий давлат фуқароларини жалб қилган ҳолда солиқ, геология, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қатор қонунчилик талабларига зид равишда фаолият юритган.

Жиноий гуруҳга Кармана туманидаги спорт соҳасига ихтисослашган МЧЖ раҳбари бошчилик қилган.

Ўтказилган тадбирда қонунбузарлардан 17,2 кг олтин ва кумуш қоришмаси, 20 кг ярим тайёр олтин маҳсулоти, таркибида олтин зарралари бўлган 250 кг бойитилган кўмир ҳамда 280 тоннадан ортиқ қум ва рудалар, 230 литр махсус кимёвий воситалар, олтинни ажратиб олишга мўлжалланган лаборатория жиҳозлари, махсус идишлар, газ баллонлар ҳамда бошқа асбоб-ускуналар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Уюшган жиноий гуруҳ томонидан олтинни ажратиб олиш учун сунъий яратилган 4 та ҳовуз кимёвий воситалар билан тўлдирилиб, 1 гектар ер саноат ишлаб чиқариш майдонига айлантирилган.

Ҳозирда ашёвий далиллар экспертизага юборилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятида таркибида олтин моддаси мавжуд бўлган умумий қиймати 15,5 млрд сўмлик тоғ жинсларини ўзлаштирганлар ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

олтин олтин қазувчилар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг