Норвегия Россия таҳдиди фонида эвакуация режасини тайёрламоқда

Олам

image

Норвегия ҳукумати Россия томонидан эҳтимолий ҳужум юз берган тақдирда тинч аҳолини эвакуация қилиш режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Норвегия Фуқаро муҳофазаси бошқармаси раҳбари Элизабет Орсэтер VG нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, бу ишлар Қуролли кучлар ва полиция билан яқин ҳамкорликда олиб борилмоқда. Ҳозирда заиф бўлган ҳудудлар баҳоланмоқда.

“Булар Россияга географик жиҳатдан яқин жойлашган ҳудудлар, шунингдек, ҳарбий объектлар жойлашган жойлардир”, дейди Орсэтер.

Аллақачон Норвегиянинг шимолидаги Финнмарк вилоятида ҳарбий эвакуацияни режалаштириш бўйича учрашувлар ўтказилган. Шунингдек, Тромсе ва Сер-Варангер муниципалитетлари раҳбарияти ҳам бундай чоралар зарурлигини билдирган. Режани ишлаб чиқишда Норвегия Россиянинг Украинага бостириб кириши тажрибасидан келиб чиқмоқда. Хусусан, агрессор томонидан энергетика инфратузилмасига зарбалар бериш эҳтимоли юқори эканлиги инобатга олинмоқда.

“Россия Украинада тинч объектларга ҳам ҳужум қилаётганини ҳисобга олиб, Норвегияда қайси нишонлар зарба остида қолиши мумкинлигини кенгроқ баҳолашни зарур деб биламиз”, дейди Орсэтер.

Бундан ташқари, Норвегия расмийлари Россиянинг босиб олинган ҳудудларда халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларини менсимаслигини ҳам айтмоқда.

“Россиянинг оккупация қилинган ҳудудларда тинч аҳолига нисбатан кўрсатаётган шафқатсизлиги ниҳоятда юқори. Биз бирорта ҳам норвегиялик оккупация чизиғининг нариги томонида қолиб кетишига йўл қўя олмаймиз”, дейди Барду шаҳри мэри Торальф Хеймдал.

Шунингдек, Фуқаро муҳофазаси бошқармаси қайси муниципалитетлар кўчирилган аҳолини қабул қилиш ҳудудларига айланиши мумкинлигини аниқлаштирмоқда. Бу жараёнда соғлиқни сақлаш, уй-жой ва таълим имкониятлари баҳоланмоқда. Эвакуация режаларини ишлаб чиқиш ва янгилаш 2026 йилда ҳукуматнинг устувор йўналишларидан бири бўлади.

Сер-Варангер мэри Магнус Мэланднинг айтишича, ҳозирда “тайёргарлик чораларига эҳтиёж ниҳоятда катта” ва бу ҳақда бутун Норвегия ўйлаши лозим, чунки “дунёдаги хавфсизлик вазияти тубдан ўзгарган”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эстония мамлакатнинг жануби-шарқида Россия билан чегара бўйлаб илк бетон бункерларни ўрнатишни бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Йил охиригача расмийлар жами 28 та бункер жойлаштиришни режалаштирмоқда. Ушбу иншоотлар Европа Иттифоқи ва НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш мақсадида яратилаётган 600 та бошпанадан иборат тармоқнинг биринчи линиясини ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия эвакуация Норвегия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг