Оналарга ҳар бир туғилган бола учун 1300 доллар берилади. Арманистонда!
Олам
−
17 Декабрь 6866 1 дақиқа
Арманистонда 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа 500 минг арман драмини (1300 АҚШ доллари) ташкил этади. Бу ҳақда “Armenia Today” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, тегишли қонунчилик ташаббуси Арманистон парламенти томонидан навбатдан ташқари йиғилишда қабул қилинган. Бунгача тўлов миқдори оиладаги болалар сонига боғлиқ бўлган: биринчи ва иккинчи бола учун 300 минг драм (786 АҚШ доллари), учинчи ва тўртинчи бола учун 1 миллион драм (2600 АҚШ доллари), бешинчи ва ундан кейинги болалар учун эса 1,5 миллион драм (3900 АҚШ доллари) тўланган.
Шу билан бирга, мамлакатда кўп болали оилаларни ойлик қўллаб-қувватлаш дастури сақлаб қолинади. Унга кўра, 2022-2025 йилларда туғилган оиладаги учинчи ва ундан кейинги ҳар бир бола учун 50 минг драм (131 АҚШ доллари) миқдоридаги тўлов улар олти ёшга тўлгунига қадар берилади.
Хабарда айтилишича, янги қонун 2026 йил 1 январдан кейин туғиладиган болалар учун ҳам ушбу тўловларни давом эттиришга ҳуқуқий асос яратиши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой 2026 йилдан бошлаб туғруқ билан боғлиқ барча тиббий харажатларни давлат бюджети ҳисобидан қоплашни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси