Озарбайжонда рус тили таг-туги билан йўқ қилинадими?
Олам
−
11 Сентябрь 5124 3 дақиқа
Озарбайжондаги мактабларда рус тилидаги таълимни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилмаяпти. Бу ҳақда бугун, 11 сентябрь куни Озарбайжон Фан ва таълим вазири Эмин Амруллаев янги ўқув йилига бағишланган брифингда сўз очди.
Вазирнинг таъкидлашича, Озарбайжонда “рус тилидаги мактаблар” тушунчаси мавжуд эмас, Озарбайжон мактаблари бор, улар рус тилида дарс беради. Вазир бу билан мактаблар Озарбайжонга тегишли эканини урғуламоқчи.
“Асосий муаммо – рус сектори учун ўқитувчилар етишмаслиги. Шу боис, рус тилида ўқитиладиган дарслар сони камайиши мумкин. Бироқ рус тилида ўқитишни бутунлай бекор қилиш масаласи кун тартибида эмас”, деган вазир.
Амруллаевнинг қўшимча қилишича, Баку рус тилини биладиган фуқароларга доимо ижобий муносабатда бўлган.
“Биз доим рус тилини билганларга яхши муносабат қилганмиз. Албатта, агар улар озарбайжон тилини билишса”, деган мамлакат Фан ва таълим вазири.
Озарбайжонда рус тилини илдизи билан қуритиб ташлаш ҳақидаги гап-сўзлар икки мамлакат раҳбарларининг муносабатлари кескинлашган бир даврда урчиди.
Россия ва Озарбайжон муносабатлари халқаро майдонда ҳозиргача жиддий масала бўлиб қолмоқда. Орадаги зиддиятлар 2024 йилнинг 25 декабрь куни – Баку-Грозний йўналишида учаётган Embraer-190 самолёти Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учраши ортидан пайдо бўлди. Ўша машъум ҳодисада 38 киши ҳалок бўлган эди. Қозоғистон Транспорт вазирлигининг дастлабки ҳисоботида самолёт иккита зарбадан кейин баландликни йўқота бошлагани қайд этилган. Алиев эса бу воқеада ташқи таъсир бўлганини билдириб, бу “россияликларнинг иши” эканини ва Путин бу учун узр сўраши кераклигини айтди.
Жорий йилнинг июнь ойи охирида эса Россиянинг 24 йил олдинги воқеаларни ковлаши вазиятни янада таранглаштирди. Ўша текшир-текширлар доирасида икки озарабайжонлик вафот этганди. Озарбайжон жасадларда зўравонлик излари борлигини билдирган ва қасддан одам ўлдириш, қийнаш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатган.
Шунча воқеалардан кейин анчагина довюрак бўлиб улгурган Озарбайжон Баку шаҳрида “Спутник Озарбайжон” ахборот агентлиги ходимларини ҳам ҳибсга олди. Шунингдек, яна бир гуруҳ Россия фуқаролари гиёҳванд моддалар савдоси ва кибержиноятларга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинди.
“Al Arabiya”га берган интервьюсида эса Алиев бу воқеаларни яна бир эсга олди. У мамлакати Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви учун масъул эмаслиги ва ҳеч қачон тажовуз ёки ҳурматсизлик белгиларига чидамаслигини таъкидлади. Интервью давомида Алиев бугун билан чекланмади ва ҳатто 1920 йилда рус армияси Озарбайжонга бостириб кириб, мамлакатни босиб олганини ҳам таъкидлади.