Пезешкиён Озарбайжонга қилинган ҳужум юзасидан Алиевга қўнғироқ қилди
Олам
−
09 Март 9055 4 дақиқа
Кеча, 8 март куни Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали суҳбатлашди. Бу ҳақда “Report” хабар берди.
Маълум қилинишича, Масъуд Пезешкиён Нахчивонга қилинган ҳаво ҳужуми билан боғлиқ ҳодиса Эрон билан алоқадор эмаслигини таъкидлаб, ушбу воқеа, албатта, текширилишини билдирган.
Шунингдек, Илҳом Алиевга Озарбайжондаги Эрон элчихонасига ташриф буюриб, Эроннинг олий раҳбари Али Хоманаий ҳамда тинч аҳоли вакилларининг ҳалок бўлиши муносабати билан билдирилган ҳамдардлик учун миннатдорлик изҳор қилган. Қолаверса, Алиевнинг Эронга гуманитар ёрдам кўрсатиш ниятини ҳам юқори баҳолаган.
Телефон суҳбатида Президент Илҳом Алиев эса Эронда юз берган сўнгги воқеалар оқибатида кўплаб тинч аҳолининг ҳалок бўлгани муносабати билан яна бир бор ҳамдардлик билдирган.
Озарбайжон Президенти Нахчивонда содир бўлган ҳодисани чуқур ва холисона текшириш муҳимлигини алоҳида қайд этган.
Телефон суҳбати давомида давлат раҳбарлари қўшма иқтисодий лойиҳаларни ривожлантириш истиқболлари ҳақида ҳам фикр алмашган.
Нега Пезешкиён Алиев билан кеч қўнғироқлашди?
Нахчивонга уюштирилган ҳужумудан сўнг Озарбайжон жамоатчилигида энг кўп муҳокама қилинаётган саволлардан бири “Нега Масъуд Пезешкиён Илҳам Алиевга қўнғироқ қилмаяпти?”, деган савол бўлди. Бу савол пайдо бўлишига икки асосий омил сабаб бўлмоқда:
Биринчидан, Эрон сиёсий тизими ичида Пезешкиённинг Озарбайжонга нисбатан илиқ муносабатда экани маълум. Асли озарбайжонлик бўлган Масъуд Пезешкиён Президент этиб сайланганидан сўнг Баку–Теҳрон йўналишидаги, асосан Эрон томонидан юзага келган кескинликни юмшатишга муҳим ҳисса қўшган.
Иккинчидан эса, Президент Илҳом Алиев ва Масъуд Пезешкиён ўртасидаги шахсий дўстлик муносабатлари ҳам муҳим омил ҳисобланади. Пезешкиённинг Озарбайжонга ташрифлари давомида унинг Алиев билан самимий муносабатларига бир неча бор гувоҳ бўлинган. Ҳар икки етакчи ҳам Озарбайжон–Эрон муносабатларидаги муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қилган ва маълум даражада бунга эришган эди.
Бироқ Нахчивонга уюштирилган ҳужум – Озарбайжон суверенитетига қарши террор ҳаракати сифатида баҳоланган воқеадан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар издан чиқди. Шу сабабли жамоатчиликнинг асосий кутуви Пезешкиённинг Бакуга қўнғироқ қилиб, юз берган воқеаларни Илҳом Алиев билан муҳокама қилиши эди. Аммо кеча, 8 мартга қадар Теҳрондан Бакуга бундай қўнғироқ бўлмади.
Пезешкиённинг Алиевга ҳозирга қадар қўнғироқ қилмагани ва умуман Нахчивон ҳужумига муносабат билдирмагани, эҳтимол, ҳозирда Эронда катта таъсирга эга бўлган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан боғлиқ бўлиши мумкин. Тахминлар эса шуни айтмоқда-ки, Эрон Президенти Озарбайжонга нисбатан кескин позицияда бўлган ИИҚК билан тўқнаш келишни истамаган.
Эроннинг Озарбайжонга ҳужуми
Жорий йилнинг, 5 март куни Эрон ракетаси Озарбайжоннинг Нахичевон Мухтор Республикаси ҳудудидаги аэропортга қулаб тушди.
Нахичевон Озарбайжоннинг Эрон, Туркия ва Арманистон билан чегарадош эксклави бўлиб, Жанубий Кавказда стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланади. Агар бу ҳодиса тасдиқланса, минтақавий хавфсизлик ва сиёсий вазиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Мазкур воқеадан сўнг, Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда битта дрон Нахичевон халқаро аэропортининг терминал биносига зарба берган, яна бошқа бир дрон эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига тушган. Ҳудуддаги мактаб ўқувчилар ва ўқитувчилари эса эвакуация қилинган.
Мазкур воқеадан сўнг Эрон Ислом Республикасининг Озарбайжондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мужтабо Демирчилу Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган, у ерда Эрон томонига кескин норозилик билдирилган ва тегишли норозилик нотаси топширилган.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Эроннинг Нахичевон Мухтор Республикасидаги аэропортга қилган ҳужуми жавобсиз қолмаслигини билдирган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳужумдан жиддий хавотир билдирган.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Эроннинг Нахичевонга қилган ҳужумини террористик деб атади ва бунинг учун узр сўраши кераклигини айтган. Шунингдек, у Эроннинг Нахечивонга қилган ҳужумуни “нонкўрлик” сифатида баҳолаб, бу тажовузга “темир мушт” билан жавоб қайтаришини билдирди.
Live
Барчаси