Президент Мирзиёевни ҳақорат қилган йигит қамалди
3-саҳифа
−
10 Июнь 97712 2 дақиқа
Самарқандлик 20 ёшли йигит Instagram саҳифаси орқали Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилгани учун 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. QALAMPIR.UZ суд ҳукми билан танишди.
Самарқанд вилояти судида кўрилган иш ҳужжатларига кўра, 2004 йилда Иштихон туманида туғилган йигит 2023 йилнинг февраль ойида ўзига тегишли телефон орқали Instagram ижтимоий тармоғида President family номли видеолавҳага “авлодингга ...Ш.М.Мирзиёев” деб пост қолдириб, Ўзбекистон Президентини ҳақорат қилган. 2023 йилнинг октябрь ойида эса йигит судланган ва унга 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Йигит ушбу қарордан норози бўлиб, судга шикоят билдирган.
Судланган йигит тафтиш шикоятида, унинг шахси, ёши, оилавий аҳволи, оилада ягона боқувчи эканлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган. Тафтиш судида судланувчи ўзининг айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.
Қолаверса, у Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни илтимос қилган.
Ушбу ишни Самарқанд вилоят суди тафтиш тартибида кўриб чиқиб, унинг натижаларига кўра биринчи инстанция, апелляция ёки кассация инстанцияси судининг ҳукмини, ажримини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиши белгиланган. Шу боис, судлов ҳайъати, шикоятда келтирилган важлар суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилишга асос бўла олмаслиги сабабли суд қарорларини ўзгаришсиз, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим деб топган.
Шундай қилиб, судланган йигитга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман судининг 2023 йил 26 октябрдаги ҳукми ва Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йилнинг 22 августдаги ажрими ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилган ва унга Жиноят кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) 3-қисми билан 2 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ белгиланган.
Live
Барчаси