ПСЖ собиқ футболчиси клубдан товон пули талаб қилмоқда

Спорт

image

ПСЖ аёллар жамоасининг собиқ футболчиси Кҳеира Ҳамрауи ўзига темир панжара билан қилинган шафқатсиз ҳужумдан сўнг клуб уни асоссиз равишда жамоадан четлаштирганини таъкидлаб, Париж клубидан 3,5 миллион евро миқдорида товон ундиришни талаб қилди. Бу ҳақда “Тhе Score” нашри хабар берди.

Ҳодиса 2021 йил ноябрь ойида содир бўлган. Кечки овқатдан жамоадоши Амината Диалло билан қайтаётган Ҳамрауи икки ниқобли шахс томонидан ҳужумга учраган. Кейинчалик Диалло ушбу ҳужумни ташкил этганликда гумонланиб, ҳибсга олинган.
Даъвогарнинг адвокати Паскал-Пер Гарбаринига кўра, айрим футболчилар ўйин давомида унга тўп узатишни рад этган. Шунингдек, Ҳамрауи майдон, кийиниш хонаси ва трибунада “изоляция қилинган”, ПСЖ мухлислари томонидан ҳақоратли баннерлар кўтарилган ва у ижтимоий тармоқларда мунтазам таъқиб қилинган.

Ҳамрауи талаб қилаётган товон пули қуйидагиларни ўз ичига олади:

  •  маънавий тазйиқ учун товон ва фоизлар,
  •  клубнинг хавфсизлик бўйича мажбуриятларини бажармагани учун компенсация, 
  •  таъқибнинг олдини олмагани учун қўшимча товон,
  •  умумий маънавий зарар ва моддий йўқотишлар.

Умумий сумма 3,5 миллион еврога тенг.

ПСЖ адвокати Бенжамин Лоузиэр бу талабни асоссиз деб ҳисоблаб, Ҳамрауининг тиббий маълумотномаси йўқлигини ва у клуб раҳбарияти ёки ходимлар кенгашига расмий мурожаат қилмаганини таъкидлади. Шунингдек, унинг Париждаги икки йиллик шартномаси бўйича ойлик маоши 14 450 евро бўлганини эслатди.

Меҳнат трибунали Ҳамрауи иши бўйича ҳукмни жорий йилнинг декабрь ойи ўрталарида эълон қилинишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Килиан Мбаппе собиқ жамоаси ПСЖда қолиб кетган бонус пулларини олиш учун  адвокатлари клубдан 55 миллион евро миқдоридаги тўланмаган маош ва бонусларни ундиришни талаб қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ПСЖ товон шафқатсиз ҳужум

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг