Путин Раҳмонга Қобилжоннинг ўлдирилиши ортидан ҳамдардлик билдирди (видео)

Олам

image

Бугун, 22 декабрь куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарларининг норасмий учрашуви чоғида Россия етакчиси Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга тожикистонлик мактаб ўқувчисининг ўлдирилиши ортидан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

Владимир Путин Имомали Раҳмонга тожикистонлик мактаб ўқувчисининг ҳалок бўлиши бўйича айбдорлар албатта жазоланишини ваъда қилган ва ҳалок бўлган ўқувчининг оиласига ҳамдардлик билдирган.

“Бу жиноят мени шунчаки ларзага солди. Айтдим-ку, бундай турдаги жиноятлар умуман ақлга сиғмайди, аммо агар шундай террорчилик ҳаракатлари, устига-устак болаларга нисбатан содир этилса, бу алоҳида ва жуда оғир ҳис-туйғуларни уйғотади. Болаларга қарши террорчилик ҳаракатларини содир этиш айниқса жирканч жиноятдир ва ҳеч қандай шубҳасиз, тергов охиригача етказилади ҳамда айбдорлар сўзсиз тўлиқ жазоланади”, дейди Россия Президенти.

Имомали Раҳмон эса Владимир Путинга ушбу иш бўйича олиб борилаётган тергов учун миннатдорлик билдирган.

“Албатта, мен учун бу воқеа кутилмаган ҳол бўлди. Ҳозирги дунёда бундай жиноятчилар етарли, биз жуда мураккаб даврда яшаяпмиз. Бўлиб ўтган воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз томонидан пухта тергов олиб борилаётгани учун катта раҳмат, айбдорлар қатъий жазоланиши лозим”, дейди у Путин билан учрашув чоғида.

Қобилжон фожиаси

Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни эрталаб 15 ёшли тўққизинчи синф ўқувчиси мактабга пичоқ билан бостириб кирди. У аввалига синфхоналарга кириб, ўзи учун ўлжа қидирган. Уни пайқаган мактаб қўриқчисига қарата кўзни ачиштирувчи газ пуркаган ва уни пичоқлаган. Шундан кейин у шу мактабнинг 4-синф ўқувчиси – тожикистонлик мигрант оила боласи Қобилжон Алиевни пичоқлаб ўлдирган.

Тергов қўмитаси Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси (қотиллик) ва Россия Жиноят кодексининг 30-моддаси 3-қисми, 105-моддаси 2-қисми (икки ёки ундан ортиқ одамни ўлдиришга уриниш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Тергов қўмитаси ҳибсга олинган 15 ёшли ўсмир сўроқ пайтида айбини тан олганини, жиноятга тайёргарлик кўриш ва тафсилотларни ҳам баён қилганини маълум қилди.

Ҳужумни уюштирган 15 ёшли Тимофей К. исмли бола қўлга олингач, унинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, ўсмир экстремистик иқтибослар ва ўнг радикал ташкилотлар номлари билан безатилган ўз каскасини ҳам суратга олган. Хусусан, каскада “Sygaown” сўзи ёзилган бўлиб, бу 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора ҳисобланади.

17 декабрь куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Одинцовонинг Горки-2 қишлоғидаги Успенский ўрта мактабида тўртинчи синф ўқувчисининг ўлдирилишини қоралади. Вазирлик республика фуқароси бўлган боланинг ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирди. 

Шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Тожикистонга ва Москва вилоятининг Одинцово шаҳридаги мактабда ҳалок бўлган боланинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги фожианинг барча ҳолатларини аниқлаш ва тергов ўтказиш учун Москвадаги Тожикистон элчихонасига зудлик билан ёрдам таклиф қилди. 

Россия Хавфсизлик Кенгаши котиби Сергей Шойгу Тожикистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Юсуф Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят ҳолатларини холис текшириш учун барча имкониятларни ишга солаётганини билдирди.

18 декабрь куни эрталаб Тожикистондаги уйига олиб келинди ва Шаҳринав туманидаги қабристонга, отасининг қабри ёнига дафн этилди

Кейинроқ Қобилжонни қасддан ўлдиришда айбланаётган ўсмир ҳибсга олинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Имомали Раҳмон Қобилжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг