Путинга юз минглаб дрон ишлаб чиқаришни ваъда қилган шахс ҳибсга олинди
Олам
−
11 Май 10546 2 дақиқа
2025 йилнинг январида Россия Президенти Владимир Путинга йилига 300 мингтагача дрон ишлаб чиқариш ҳақида ҳисобот берган “Транспорт будущего” компаниясининг собиқ бош директори Юрий Козаренко ўта йирик миқдордаги фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, аввалроқ Белгороднинг Свердловск туман суди уни 28 июнгача қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарган, 8 май куни эса Белгород вилоят суди адвокатнинг апелляция шикоятини рад этган. Терговни Белгород вилояти ИИБ олиб бормоқда.
“Avia.pro” маълумотларига кўра, жиноят иши учувчисиз учиш қурилмаларини ишлаб чиқариш бўйича давлат мудофаа буюртмасини бажариш учун ажратилган тахминан 70 миллион рублни ўзлаштириш билан боғлиқ. Терговнинг фикрича, Козаренко маблағларни мақсадсиз сарфлашга алоқадор: пуллар амалда ишларни бажармаган “дўст” ташкилотлар хизматлари учун тўлов сифатида ўтказилган. Бундан ташқари, “Транспорт будущего” компанияси 750 та вертикал кўтарилиш ва қўниш хусусиятига эга дронларни серияли ишлаб чиқариш учун 4,5 миллиард рубль миқдорида давлат субсидиясига эга бўлган, бироқ субпудратчи ишларнинг 80 фоизини шартнома муддати тугаганидан бир йил ўтибгина бажарган, бу эса текширувга сабаб бўлган.
Козаренко Белгород вилоятидаги қишлоқлардан биридан чиққан, Белгород давлат университетининг “молия” мутахассислигини тамомлаган. 2012 йилдан бошлаб “Эфко” гуруҳида ишлаб, инновация маркази раҳбари даражасигача кўтарилган. 2022 йилда учувчисиз тизимларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи “Транспорт будущего” компаниясига раҳбар бўлган. 2023 йилда компания “Тольятти” махсус иқтисодий зонасида заводнинг биринчи босқичини ишга туширган (инвестициялар тахминан 7 млрд рубль), 2024 йил охирига келиб эса ойига 100 та дрон чиқарилаётгани ва буни 250 тага етказиш режалари ҳақида баёнот берган.
2025 йил январида Козаренко Путинни Самарадаги корхонада кутиб олиб, унга лойиҳалаш ва йиғиш майдончаларини намойиш қилган ҳамда йилига 300 мингтагача дрон, жумладан “Герань”ларни ишлаб чиқариш имконияти борлиги ҳақида фахр билан маълум қилган. Ўшанда у қуввати йилига 20 МВт·соат бўлган литий-ионли аккумуляторлар ишлаб чиқариш цехининг очилишида ҳам иштирок этиб (инвестициялар 1,3 млрд рубль), “миллионлаб таълим дронлари ва юз минглаб оғир фуқаровий дронларни” аккумуляторлар билан таъминлашга ваъда берган.
Live
Барчаси