Раҳмон Трамп билан терроризмга қарши курашишга келишиб олди
Олам
−
07 Ноябрь 3089 2 дақиқа
Кеча, 6 ноябрь куни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Вашингтон шаҳрида Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан учрашди. Бу ҳақда Тожикистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув давомида икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ҳамкорлик истиқболлари юзасидан кенг кўламли масалалар муҳокама қилинган. Мулоқот аввалида Имомали Раҳмон Президент Дональд Трампга таклиф ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдирган. Суҳбат давомида давлат раҳбари турли минтақаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш муҳимлигини қайд этиб, барқарорлик барча мамлакатларнинг изчил ривожланиши учун бебаҳо омил эканини таъкидлаган.
Икки томонлама алоқаларни ёритишда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш асосий йўналишлардан бири сифатида кўрсатилган. Учрашувда ҳозирда Тожикистонда Америка капитали иштирокидаги 70 дан ортиқ компания фаолият юритаётгани таъкидланган. Айниқса, кончилик, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, жумладан ноёб металлар соҳасидаги умумий лойиҳалар ижобий баҳоланиб, уларни кенгайтириш манфаатли экани билдирилган.
Шунингдек, томонлар орасида ҳали тўлиқ ишга солинмаган катта имкониятлар мавжуд экани айтилган. Энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, илм-фан, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар йўналишлари икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун истиқболли соҳалар сифатида тилга олинган.
Учрашувнинг муҳим қисмида замонавий таҳдид ва хавфларга қарши кураш масалалари ҳам кўриб чиқилган. Жумладан, терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланган.
Шунингдек, глобал ва минтақавий жараёнлар юзасидан самарали фикр алмашинуви бўлиб ўтган. Томонлар халқаро хавфсизлик, иқтисодиёт ва дипломатик муносабатлар бўйича ўз позицияларини муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам Оқ уйда АҚШ Президенти Донаьлд Трамп билан музокара ўтказганди.
Live
Барчаси