Рамзан Қодиров Алла Пугачёвани “халқ душмани ва сотқин” деб атади
Олам
−
16 Сентябрь 12791 3 дақиқа
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украинадаги уруш ва Россия расмийларини танқид қилган қўшиқчи Алла Пугачёвани “халқ душмани ва сотқин” деб атади. Бу ҳақда Қодиров кеча, 15 сентябрь куни ўзининг Telegram саҳифасида пост қолдирди.
Қодиров тўғридан тўғри иқтибос келтирмаган. Аммо у Пугачёва чечен бўлгинчиларининг ўлдирилган раҳбари, 1991 йилдан 1996 йилгача Чеченистон президенти бўлган Жоҳар Дудаев ҳақида мақтовли сўзлар гапиргани ортидан унга муносабат билдирган.
10 сентябрь куни чиққан ва миллионлаб марта кўрилган россиялик журналист Катерина Гордеевага берган интервьюсида Пугачёва Дудаев “одобли, ақлли, келишган одам” эканини айтди. Пугачёва интервьюсида бошқа нарсалар қатори биринчи Чечен урушини ҳам тилга олди.
“Биринчи Чечен урушини жуда яхши эслайман, чунки мен Жохар Дудаевни таниганман. У нақадар одобли ва ҳурматли, ақлли, келишган одам эди. Хотини ҳам қандай яхши аёл. Рассом, ёзувчи, сиёсатчи. У мен ёрдам бера олишимга ишониб, менга қўнғироқ қилди. Лекин қандай ёрдам бера олардим? Ҳеч нарса қилолмасдим. Энди у билан саломлашишга ҳам уяламан”, деди қўшиқчи.
Қодировнинг сўзларига кўра, Пугачёва “чечен халқи учун энг оғир давр ҳақида аҳмоқона фикр юритмоқда”.
Чеченистон раҳбари Дудаевни танқид қилиб, уни “чечен халқи муаммоларига эътибор бермаслик”да айблади ва шу билан бирга, 1994 йилда Чеченистондаги урушни “Березовский каби Пугачёвага ўхшаган хоинлар” бошлаганини даъво қилди.
Рамзан Қодировнинг ўзи 1994-1996 йиллардаги Чеченистондаги биринчи урушда, яъни Дудаев бошчилигида федерал кучларга қарши курашган. Унинг отаси Аҳмат Қодиров Чеченистон муфтийси ва Дудаевнинг сафдошларидан бири эди, кейин ўғли каби Россия томонига ўтиб, айирмачиларга мухолиф бўлди.
Пугачёва интервьюсида Украинадаги урушга ҳам ўз баҳосини берди. У ҳар доим янги урушларни бошлаш хато деб ҳисоблашини айтди. Пугачёва, шунингдек, турмуш ўртоғи Максим Галкин “хорижий агент” деб тан олинганидан кейин у амалда Россияни тарк этишга мажбур бўлганини айтди.
Қодиров Кремлпараст шарҳловчилар танқидига учраган Пугачёванинг бошқа баёнотларига, хусусан, Украинадаги урушга берган баҳосига ҳеч нарса демаган.
Кремль ҳам сўнгги ўн йилликлардаги энг машҳур рус эстрада артистларидан бири Пугачёва билан суҳбатга изоҳ бермади.
2015 йилда Рамзан Қодиров Чеченистон полицияси бошлиғининг вояга етмаган қизга уйланиши танқидига жавоб бериш билан бир баробарда Пугачёвани “ҳамманинг суюклиси” деб атаган эди.
Дудаев ҳақидаги гаплар туфайли Пугачёвага нисбатан ҳам бир ярим миллиард рубллик (224 миллиард 385 миллион сўм) даъво қўзғатилди (суд уни кўриб чиқиш учун ҳали қарор қабул қилмаган).
Маълумот учун, Жоҳар Дудаев 1990 йилларда чечен бўлгинчилари етакчиси ва ўзини-ўзи мустақил деб эълон қилган Чеченистон Республикаси Ичкериянинг биринчи президенти бўлган. У 1996 йилнинг апрель ойида рус ракетаси томонидан ўлдирилган.
Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Алла Пугачёва хорижга кетган. Катерина Гордеева билан суҳбат хонанданинг уруш бошланганидан бери биринчи йирик интервьюси бўлди. Беш кун ичида у 17 миллион мартадан ортиқ кўрилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 17 ёшли ўғли, Чеченистон Хавфсизлик кенгаши котиби Адам Қодиров берилаётган мукофотларга муносиб эканини айтганди.
Live
Барчаси