Паҳлавий Эронда ҳокимиятни қўлга олса, Исроил тан олинишини айтди (видео)
Олам
−
15 Январь 11035 3 дақиқа
Эрон сўнгги шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ўғли, мухолифат вакили Ризо Паҳлавий Исломий режим қулаган тақдирда Эроннинг ҳарбий ядровий дастури тугатилиши, АҚШ билан муносабатлар нормаллаштирилиши ва Исроил давлатини дарҳол тан олинишини маълум қилди. Бу ҳақда у Х саҳифасида айтди.
Паҳлавийнинг фикрича, “эркин Эрон” ҳукумати ядровий ҳарбий дастурдан воз кечиб, терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар савдоси ва экстремистик исломга қарши курашда халқаро ҳамкорлар билан келишувда ишлайди.
“Хавфсизлик ва ташқи сиёсат соҳасида Эроннинг ҳарбий ядровий дастури тугатилади. Террорчи гуруҳларга кўмак ҳам тўхтатилади. Эркин Эрон терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар савдоси ва экстремистик исломга қарши курашда минтақавий ва глобал ҳамкорлар билан бирга ҳаракат қилади”, деган у.
Шунингдек, узоқ йиллардан бери дунёвий ва демократик Эрон тарафдори бўлиб келаётган “валиаҳд шаҳзода” янги ҳокимият АҚШ ҳамда Исроил билан муносабатларини яхшилашини ва Иброҳим келишувларига қўшилишини айтиб ўтган.
“Дипломатияда АҚШ билан муносабатлар нормаллаштирилади ва Америка ҳамда унинг халқи билан дўстлик алоқалари тикланади. Исроил давлати дарҳол тан олинади. Биз Иброҳим келишувларини “Кир II келишувлари”га кенгайтиришга интиламиз – бу эркин Эрон, Исроил ва Араб дунёсини бирлаштиради”, деган Паҳлавий Х да.
Эрон ҳукумати ёки АҚШ расмийлари ҳозирча бу баёнотга муносабат билдирмаган.
Таклиф этилган “Кир II келишувлари” номи қадимги Форс подшоҳи Буюк Кир II га ишора қилади. У милоддан аввалги 539 йилда яҳудийларни Бобил асоратидан озод қилган ва Қуддусдаги Маъбадни қайта тиклашга рухсат берган. Паҳлавий сўнгги йилларда ушбу тарихий меросга тез-тез мурожаат қилиб, Эрон-Исроил муносабатларини тиклаш ғоясини илгари суриб келмоқда. У бу ташаббусни 2020 йилда Исроил ва бир қатор араб давлатлари ўртасида имзоланган Иброҳим келишувларининг давоми сифатида кўради.
Ислом Республикаси 1979 йилдан бери ҳокимиятда. Паҳлавий ўзини режим алмашуви тарафдорлари орасидаги етакчи шахслардан бири сифатида кўрсатиб, амалдаги ҳукумат Эрон халқини ифодаламаслигини ва “Ҳизбуллоҳ” ҳамда ҲАМАС каби гуруҳларни қўллаб-қувватлаш сиёсати мамлакатни халқаро майдонда яккалаб қўйганини таъкидлайди.
Маълумот учун, Ризо Паҳлавий ҳозирги кунда сургунда яшайди ва Эрон ичидаги ҳамда хориждаги тарафдорлари билан алоқа қилиш учун ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ризо Паҳлавий мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари янги босқичга ўтаётганини айтиб, эронликларга уларнинг ёлғиз эмаслигини ва яқин вақт ичида четдан ёрдам келишини маълум қилганди.
Live
БарчасиСурияда КИП қўмондони ўлдириб кетилди
21 Январь