Россия ва Украина “185 га 185” форматда асир алмашди (видео)
Олам
−
05 Июнь 1718 2 дақиқа
Бугун, 5 июн куни Россия ва Украина “185 га 185” формуласи бўйича асирларни алмашди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам ушбу маълумотни тасдиқлади.
Асирларни алмашиш жараёнида Бирлашган Араб Амирликлари воситачилик қилган.
“The Insider”нинг ёзишича, бугун алмаштирилган россияликларнинг ярмидан кўпи – 51 фоизи аввал судланган шахслар бўлиб, улар шартномаларни озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлганида ёки жиноий жавобгарлик хавфи остида турганида имзолаган.
Бугунги асирлар алмашинувига тушган ва судланганлиги бўлган россияликларнинг 47 фоизи мулк билан боғлиқ жиноятлар, 23 фоизи зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар, 18 фоизи эса гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар учун жазо ўтаётган бўлган.
Аввалги ҳарбий асирлар алмашинувида бўлгани каби, бу сафар ҳам фақат уч киши асирликда икки йилдан ортиқ вақт ўтказган. Кўпчилик – 83 фоизи бундан узоғи билан бир йил олдин асирга тушган.
“Бу Россия расмийларининг навбатдаги типик ёндашувидир: асирликда нисбатан камроқ вақт ўтказганларни қайтариш ва Украинадаги ҳарбий асирлар лагерларида узоқ вақтдан бери қолаётганларга эътибор бермаслик”, дейилади хабарда.
Владимир Зеленский ўзининг Telegram-каналида асирга тушган ҳарбий хизматчилардан ташқари, Украинага яна бир нафар гаровга олинган тинч аҳоли вакили ҳам қайтганини аниқлаштирган.
Маълумот учун, бундан олдинги ҳарбий асирлар алмашинуви шу йилнинг 15 май куни бўлиб ўтган эди. Ўшанда томонлар “205 га 205” формуласи бўйича асир алмашган.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида ҳам Россия ва Украина ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадларини алмашиш бўйича навбатдаги босқични ўтказганди. Ўшанда Украина томонига 1000 нафар, Россия томонига эса 41 нафар ҳалок бўлган ҳарбийларнинг жасадлари топширилган.
Live
Барчаси