Россияда айрим мигрантлар бепул тиббий хизматдан фойдаланолмаслиги мумкин
Олам
−
21 Ноябрь 1847 2 дақиқа
Россия Давлат Думасининг кеча, 20 ноябрда қабул қилган янги қонунига кўра, энди мажбурий тиббий суғурта (OMC) полисини фақат Россияда камида беш йил ишлаган меҳнат муҳожирлари олишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Давлат Думасининг сайтида хабар берилди.
Маълум қилинишича, энди 5 йил давомида Россияда ишламаган мигрантлар бепул тиббий ёрдамдан фойдалана олмайди. Фавқулодда вазиятлар туғилганда янги қоидани четлаб ўтиш мумкин.
Ҳозирги қонунчиликка кўра, OMC ҳуқуқига эга бўлиш учун мигрантлар камида уч йил Россияда ишлашлари керак эди. Янги қонунга кўра, вақтинча Россияда ишлаётган ва яшаётган хорижий фуқаролар ҳам беш йиллик иш тажрибасига эга бўлишлари лозим, юқори малакали мутахассислар ва чет эл компанияларининг Россия филиалларига юборилган ходимлар бундан мустасно.
Маълумот учун, OMC полиси давлатнинг ижтимоий дастури доирасида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Қонун Президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.
Давлат Думасининг раиси Вячеслав Володиннинг сўзларига кўра, Россияда юқори стандартдаги ижтимоий кафолатлардан фойдаланишни хоҳловчи хорижий фуқаролар ўз ҳуқуқини ҳалол ва қонуний меҳнат орқали тасдиқлаши керак.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин хорижий ишчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларини кенгайтирувчи қонунни имзолаганди.
Live
Барчаси