Россиядаги митингларда қатнашган мигрантлар депортация қилиниши мумкин
Олам
−
14 Май 2221 2 дақиқа
Россия Давлат Думаси рухсатсиз митингларда иштирок этган ва Россия армиясини “обрўсизлантирган” хорижликларни мамлакатдан чиқариб юборишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини кеча, 13 май куни биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда “Коммерсанть” хабар берди.
Ҳужжат Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексига 58 та янги модда киритишни назарда тутади. Улар асосида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар депортация қилиниши мумкин.
Қонун лойиҳасида Россияга қарши санкциялар чақириғи, ҳудудий яхлитликни бузишга ундаш, рухсатсиз оммавий тадбирларда қатнашиш, экстремизмга оид чақириқлар ҳамда “ноқонуний ва бузғунчи маълумотлар тарқатиш” каби ҳолатлар ҳам жавобгарлик асослари сифатида кўрсатилган.
Шунингдек, “экстремистик ва нацистик рамзларни тарғиб қилиш”, нафрат ва адоват қўзғатиш ҳамда оммавий ахборот воситалари эркинлигини “суиистеъмол қилиш” ҳам депортация сабаблари қаторига киритилган.
Давлат Думаси раиси Вячеслав Володин бу чораларни “миграция соҳасида тартибни тиклаш”, деб изоҳлаган. Қонун лойиҳаси энди иккинчи ва учинчи ўқишларда кўриб чиқилади.
Россия сўнгги йилларда миграция сиёсатини сезиларли даражада кучайтирмоқда. 2024 йилда “Crocus City Hall”даги террорчилик ҳаракатидан сўнг хавфсизлик чоралари янада қатъийлашган эди.
Расмий маълумотларга кўра, ушбу ҳужумда 150 киши ҳалок бўлган, 600 дан ортиқ одам жароҳат олган. Шундан кейин миграция қонунчилиги янада кучайтирилиб, сохта никоҳлар орқали яшаш рухсатини олишга қарши чоралар кучайтирилган. 2025 йилдан бошлаб эса айрим депортация қарорлари судлар эмас, балки ички ишлар органлари томонидан қабул қилинадиган тизим жорий этилган.
Зарнигор Худойбердиева
Live
Барчаси