Россиядаги Озарбайжон диаспораси раҳбари яна қўлга олинди
Олам
−
03 Август 10155 3 дақиқа
Россиядаги озарбайжон диаспораси раҳбари Шаҳин Шихлинский Москвада қўлга олиниб, сўроқ учун Екатеринбургга олиб кетилди. Бу ҳақда “E1.ru” ва “66.ru” хабар берди.
“E1.ru” манбасининг айтишича, тергов ҳаракатлари аввалроқ ҳибсга олинган жиноят ишларидан бири доирасида олиб борилмоқда. “66.ru” манбаси, ўз навбатида, Шихлинскийга қарши иккита жиноий иш қўзғатилганини даъво қилмоқда: қотиллик ва ҳукумат амалдорига нисбатан зўравонлик қўллаш моддалари бўйича. Диаспора раҳбарининг аниқ мақоми ҳозирча номаълум. Жорий йилнинг июль ойи охирида Шихлинский жиноят моддаси билан қидирувга берилган эди. Бироқ ИИВ маълумотлар базасидаги карточкада қайси модда бўйича экани кўрсатилмаган.
16 июль куни Екатеринбург суди озарбайжон диаспораси раҳбарининг ўғли Мутвала Шихлинскийни икки ойга тергов изоляторига жўнатди. У ҳукумат вакилига нисбатан зўравонлик қўллаганликда айбланмоқда. Ўшанда Шаҳин Шихлинский ҳибсга олинган эди, сўроқ қилиш тугаб, бир неча соатдан кейин қўйиб юборилганди.
Мутвала Шихлинский июль ойи бошида унинг отаси Россия кучишлатар тузилмаларининг рейдида ҳалок бўлган ака-ука Сафаровларга қарши қўзғатилган жиноий ишда гувоҳ бўлганини, бу иш 2001-2011 йилларда Екатеринбургда содир этилган қатор қотилликлар ва қотилликка суиқасдларни тергов қилиш билан боғлиқлигини айтди. Тергов қўмитаси бу ҳақда 27 июнь куни озарбайжонликларнинг шаҳарда ўтказилган рейд чоғида оммавий ҳибсга олинганидан сўнг маълум қилди. Ҳибсга олинганлардан икки нафари ҳалок бўлди. Озарбайжон Бош прокуратурасига кўра, ўлимга калтакланиш сабаб бўлган.
Мутвала Шихлинскийнинг ҳибсга олинишига 1 июль куни содир бўлган воқеа сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Ўшанда махсус кучлар ходимлари “Баку Плаза” савдо маркази ёнида йўл ўртасида Озарбайжон диаспораси раҳбари Шахин Шихлинскийни қўлга олганди. Интернетда Шихлинскийни ҳибсга олиниши акс этган видеолар ҳам тарқалди. Унда ичида диаспора раҳбари бўлган Mercedes-Benz G-класси автомобили ўраб олингани ва ходимлардан бири “гелик”нинг ойнасини синдирганини кўриш мумкин. Шунингдек, мазкур жараёнда машина орқага ҳаракатланиб, хавфсизлик ходимларидан бирининг устидан босиб ўтгани айтилади. Рулда эса Мутвала эди. Бу ҳаракат Россия Жиноят кодексининг 318-моддасида (ҳукумат вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш) назарда турилган жиноят бўлиши мумкин.
Воқеалар 2024 йилнинг декабрь ойида Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида Озарбайжон ҳаво йўллари йўловчи самолёти ҳалокатга учраганидан кейин Москва ва Баку ўртасидаги зиддиятни кучайтирди. Озарбайжон фожиада Россияни айблайди.
Екатеринбургдаги ҳибсларга жавобан Бакуда 20 га яқин Россия фуқаролари ҳибсга олинган, шу жумладан, февраль ойида лицензияси бекор қилинган Кремлга яқин “Спутник Озарбайжон” агентлиги журналистлари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Москва вилоятидаги Озарбайжон диаспораси раҳбари Элшан Ибрагимов Россия фуқаролигидан маҳрум қилинганди.
Live
Барчаси