Россиялик пропагандачи Марказий Осиё давлатларини “ўз ўрнини билиш”га чақирди (видео)
Олам
−
27 Январь 11246 3 дақиқа
Россия узоқ йиллар давомида Марказий Осиё давлатларини қўллаб-қувватлаб келган. Шунинг учун мазкур давлатлар “ўз ўрнини билиши” керак. Бу ҳақда политолог Сергей Михеев Владимир Соловьёвнинг “Россия 1” телеканалидаги “Вечер с Владимиром Соловьёвым” дастури эфирида гапирди.
Сергей Михеев эфирда минтақанинг ташқи сиёсатига нисбатан кескин танқид билан чиқиб, амалда уларни тенг ҳуқуқли ҳамкорликка лойиқ эмасдек кўрсатган.
Михеевнинг айтишича, Москва қўшниларини кўп йиллар давомида қўллаб-қувватлаб, инқирозли вазиятларда “қутқариб”, стратегик хато қилган. Унинг фикрича, Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари Россияга сўзсиз садоқат намоён этиши шарт, аммо бунинг ўрнига мустақил сиёсат юритишга журъат қилмоқда. Айниқса, меҳнат миграцияси масаласи унинг норозилигига сабаб бўлган.
“Россия меҳнат бозоридан фойдаланиб, бу мамлакатлар ўзларини “қарздор” деб тан олмаяпти ва етарлича миннатдорлик кўрсатмаяпти”, дейди у.
Михеев очиқчасига таҳдидли ишора ҳам қилган. У Украина сценарийсини эслаб, Кремлнинг “ортиқча юмшоқлиги” ва қаттиқ интизомнинг йўқлиги шундай геосиёсий “фожиаларга” олиб келаётганини айтган.
Бундан ташқари у постсовет республикаларга “ўз ўрнини билиш” ҳаётий зарурат эканини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Рус дунёси” мафкурасининг асосчиларидан бири ҳамда кремльпараст пропагандист Александр Дугин Собиқ СССР таркибида бўлган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллигини қабул қилиб бўлмаслиги ҳақида гапирганди.
Қолаверса, 10 январь куни россиялик телебошловчи, Кремлга яқин яна бир пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтганди.
Соловьёвнинг фикрича, Россия ҳозир қайси ҳудудлар унга тегишли эканини аниқ ва қатъий айтиши лозим. Шунингдек, журналист бу ҳаракатлар йўлида худди Украинага қилинган юриш каби “махсус ҳарбий амалиёт” бошлаш зарурати борлигини айтган.
Орадан бироз вақт ўтиб, Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Соловьёвнинг Россия Марказий Осиё ва Арманистонга “махсус ҳарбий операция” бошлаши кераклиги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди.
Захарованинг қайд этишича, россиялик журналистнинг фикрлари расмий Москванинг позициясини кўрсатмайди ва журналист бу гапларни ўзининг каналида айтган, холос. Захарова расмий баёнотни ваколатли шахслар бериши бу диванда ётиб олиб гапирадиган таҳлилчиларнинг иши эмаслигини қўшимча қилган.
Ўзбекистонда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов Соловьёвнинг мазкур гапларига муносабат билдирдиб, унинг гапларини “сафсата” ўзини эса “нусха” деб атаганди.
“Соловьёвнинг гапларига тупурдик, унинг империялистик амбицияларига ҳам тупурдик. Биз унга сўзма-сўз таржимада шундай маънони берадиган ўзбекча иборани ўрганишни тавсия қиламиз: бориб, ўз булбулинг билан ўйна”, деган Бекмуродов.
Live
Барчаси