Саида Мирзиёева Бишкекда Қирғизистон Президенти билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 20 август куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёевани қабул қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорлик масалаларини, жумладан, икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ва таълим алоқаларини мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилган.

Жапаровнинг билдиришича, Ўзбекистон Президенти билан қўшма саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари изчил ривожланиб, стратегик шериклик руҳида мустаҳкамланмоқда.

Саида Мирзиёева самимий қабул учун Қирғизистон томонига миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини Садир Жапаровга етказган.

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва яхши қўшничиликка асосланган юксак даражадаги муносабатларни алоҳида таъкидлаб, бу жараёнда икки мамлакат раҳбарларининг муҳим роль ўйнашини қайд этган.

Саида Мирзиёева ёшлар сиёсатини ривожлантириш масаласига тўхталар экан, Бишкекда ўтказилаётган “Заковат” интеллектуал ўйини ҳақида гапирган. У мазкур тадбир аллақачон икки давлат ёшлари ўртасида жамоавий руҳ ва дўстона алоқалар ўрнатиш рамзига айланганини таъкидлаган.

Учрашув якунида Садир Жапаров Саида Мирзиёевага масъулиятли давлат фаолиятида катта ютуқлар тилаган.

Маълумот учун, бугун, 20 август куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида “Zakovat Asian Cup II” интеллектуал ўйинлари ўтказилмоқда. Ўзбекистон ва Қирғизистон “Заковат” терма жамоалари бугун, 20 август куни Тошкент вақти билан 17:00 да – “Zakovat Asian Cup” бош соврини учун баҳслашади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили август ойида Саида Мирзиёева Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлганди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Бишкек Саида Мирзиёева Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг