Саида Мирзиёева Лондонда ЕТТБ президенти билан учрашди
Жамият
−
14 Октябрь 3026 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева кеча, 13 октябрь куни Лондонда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) президенти Одиль-Рено Бассо билан учрашди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилди.
Унинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати ва мамлакат фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлари туфайли Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган. Банк кўмагида ирригация ва “яшил” иқтисодиёт соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларини алоҳида аҳамиятли.
“Биз мамлакатимиздаги кўплаб хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳаётини ижобий томонга ўзгартираётган “Women in Business” ва ”Youth in Business” дастурлари қўллаб-қувватланаётгани, шунингдек, Қорақалпоғистонда ҳудуднинг барқарор ривожланишига қаратилган лойиҳаларни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорликни юксак қадрлаймиз”, деб ёзди Саида Мирзиёева.
Шунингдек, учрашувда Марказий Осиё мамлакатларининг яхши қўшничилик борасидаги умумий саъй-ҳаракатлари туфайли минтақада ишонч ва ҳамкорлик муҳити қарор топгани ҳақида якдил фикр билдирилган. Саида Мирзиёева ЕТТБ билан шериклик бундан буён ҳам Ўзбекистон ва бутун минтақанинг равнақига хизмат қилишига ишонч билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева 9 октябрь куни Брюсселда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Кая Каллас билан учрашган эди. Қолаверса, Мирзиёева Брюсселда Халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Йозеф Сикела билан ҳам учрашди.
Live
БарчасиРоналдудан яхшироғини топа олмайсиз – Трамп
06 Декабрь
Наманганда яна зилзила бўлди
06 Декабрь