Самарқандда 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилди
3-саҳифа
−
04 Июнь 8406 2 дақиқа
Самарқанд вилоятида 19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда бугун, 4 июнь куни ўтказилган Самарқанд вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида 3300 дан ортиқ ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилиши аниқланган ва бунинг натижасида 80 дан ортиқ ҳоким ёрдамчиси ва бошқа масъулларга нисбатан интизомий, маъмурий ва жиноят ишлари қўзғатилган (19 нафар ҳоким ёрдамчиси жиноий жавобгарликка тортилган). 3 миллиард сўмлик субсидия, нафақа ва кредит маблағлари талон-торож қилинган.
Ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган жиноятларнинг салмоқли қисми Самарқанд шаҳри, Ургут, Иштихон ва Оқдарё туманлари ҳисобига тўғри келса-да, маҳаллий ҳокимлик идоралари ёки бандлик органлари томонидан хизмат текширувлари ўтказилмаган.
Бандлик органларининг “Ягона миллий меҳнат тизими” электрон платформаси орқали амалда иш билан банд бўлган ёки ўзини-ўзи банд қилган 155 нафар фуқаро учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача миқдорда субсидиялар берилган. Бундай ҳолатларга асосан Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон, Нуробод, Нарпай, Жомбой, Оқдарё, Булунғур, Самарқанд ва Пайариқ туманларида йўл қўйилган.
Билдирилишича, 2023-2024 йилларда бюджет маблағлари ҳисобидан таъминотчи корхоналардан сотиб олинган 63 миллиард сўмлик асбоб-ускуналар жойларга олиб борилиб, ҳоким ёрдамчилари иштирокида ишсиз фуқароларга топширилган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Аммо ижтимоий реестрдаги фуқароларга ёрдам тариқасида субсидиялар бериш йўналишида ҳам суиистеъмолликка йўл қўйилаётгани кузатилмоқда.
“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунда давлат муассасалари ходимларига манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ, айниқса, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларда чекловлар ўрнатилган. Аммо бандлик органларининг 12 нафар ходими ва 25 нафар ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик субъектини ташкил қилиб, бошқариб келган.
“Йиғилишда мазкур ҳолатлар юзасидан вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ҳамда бошқа ташкилотлар раҳбарларидан изоҳ сўралди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 427,7 млн сўмни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган ҳоким ёрдамчиси ушланганди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Live
Барчаси