Самарқандда ака-ука қиморга берилган укасини ўлдирди

3-саҳифа

image

Самарқанд шаҳрида қиморга берилган укасини дарахтга боғлаб, аёвсиз калтаклаган ва унинг ўлимига сабаб бўлган ака-укага ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса 2025 йилнинг 20 июнь куни юз берган. 29 ёшли эркак интернетда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга муққасидан кетган. Тартибга солиш мақсадида ака-ука уни дарахтга боғлаб қўйган. Шундан сўнг электр кабеллари билан бир неча марта уриб, жисмоний зарба берган. Оқибатда калтакланган ука уйга олиб кирилгандан сўнг вафот этган.

“Бир қиз фарзандимиз бор, бирга кирганини кўрмадилар. Ўйин ўйнардилар, лекин ҳеч кимга ёмонлик қилмасдилар. Кредит олиб, ўзлари тўлаётганди. “Кредитини тўласин, деб шу ишни қилдим”, деди қайниакам. Лекин воқеадан 10-15 кун олдин эрим кредит учун қарийб 7 миллион тўлаганди. Бир йил-у саккиз ой яшадик. “Бутка” ясаб, пайвандчилик қилардилар. Уларнинг орасида нима бўлганки, бу даражада боғлаб қўйиб, уришган — тушунмайман”, дейди марҳумнинг аёли.

Воқеа юз берганида марҳумнинг ота-онаси Россияда бўлган. Улар судда ҳам жабрланувчи, ҳам даъвогар сифатида қатнашган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди айбланувчиларга ҳукм эълон қилган.

Унга кўра, марҳумнинг акасига Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми “а” банди билан 4 йил муддатга ва 104-модда (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисм “д” банди билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) 2-қисми тартибида жиноятлар мажмуи тариқасида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил жазо ўташ учун 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Акасининг ўлимига сабабчи бўлган укага эса 6 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳрида 3 ака-ука 17 ёшли ўсмирни калтаклаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд ака-ука қимор

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг