Самарқандда электромопед каналга қулаши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди
Жамият
−
02 Июнь 5702 2 дақиқа
Жорий йилнинг 31 май куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида электромопед 8 нафар одам билан каналга тушиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, соат 20:25 да Самарқанд вилояти ФВБга “112” тизими орқали юк ташиш учун мўлжалланган электромопед ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиши оқибатида унда бўлган 8 нафар фуқаро билан Пахтачи тумани “Украч” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Нарпай” каналига тушиб кетгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга асосан, ФВВ қутқарувчилари воқеа жойига етиб борган вақтда каналга тушиб кетган 8 нафар фуқародан 4 нафари аҳоли томонидан қутқариб қолингани маълум бўлган. Шундан сўнг зудлик билан сувда кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари олиб борилган. Қутқарувчилар ва аҳоли ёрдамида олиб борилган сувда қидирув ишлари давомида қолган 4 нафар фуқаро ҳалок бўлганлиги аниқланиб, каналдан олиб чиқилган.
Олиб борилган суриштирув ишлари давомида аниқланишича, Пахтачи туманининг “Украч” МФЙда яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро ўз бошқарувидаги электромопедга жами 8 нафар шахсни – турмуш ўртоғи ҳамда ўзи ва қўшни хонадондан 6 нафар вояга етмаган болаларни миндириб, сайр қилаётган бўлган.
Ҳозирда воқеа жойида Пахтачи тумани прокуратураси, ИИБ, ФВВ томонидан ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятининг Поп туманидаги дам олиш масканида 23 ёшли йигит чўкиб кетгани ҳақида хабар берилганди.
Live
БарчасиШавкат Мирзиёев Россияга боради
02 Июнь