Самарқандда ўтиши режалаштирилган “Марказий Осиё – Кўрфаз давлатлари” саммити қолдирилди
Жамият
−
01 Май 8883 2 дақиқа
Жорий йилнинг 5 май куни Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги саммит номаълум муддатга қолдирилди. Буни Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов QALAMPIR.UZ'га тасдиқлади.
Маълум бўлишича, саммит томонларнинг ўзаро келишувига биноан кейинги муддатларга қолдирилган. Янги сана маслаҳатлашувлар асосида белгиланади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов 16 апрель куни “Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг учинчи йиғилишида қатнашган ва 5 май куни Самарқандда Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммити бўлиб ўтишини маълум қилганди.
Маълумот учун, “Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши”нинг биринчи саммити 2023 йил июль ойида Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ўшанда Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Шайх Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд раислигида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум, Кувайт Давлати Амири ўринбосари, Валиаҳди шайх Мишъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ, Ўмон Султонлиги Бош вазири ўринбосари Асад бин Ториқ ал-Саид, Баҳрайн Подшоҳининг махсус вакили Шайх Носир бин Ҳамад Ал Халифа ҳамда Кенгаш бош котиби Жасим Муҳаммад ал-Будайвий ҳам қатнашганди.
Live
Барчаси