Саммит туфайли Тошкентдаги қатор кўчалар вақтинча ёпилади
Жамият
−
13 Ноябрь 6638 2 дақиқа
Жорий йилнинг 14-17 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бир қатор йирик халқаро тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Шу сабабли Тошкент шаҳрининг айрим кўчаларида вақти-вақти билан транспорт воситаларининг ҳаракати қисман чекланиб, улар учун айланма ҳаракат ташкил этилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 15 ноябрь куни соат 14:00 дан 19:00 гача Абдулла Қодирий-Ганга кўприги кесишмасидан Абдулла Қодирий, Қорасарой, Зарқайнар кўчалари чорраҳасигача ёпилиб, ҳайдовчилар Себзор ва Нурафшон кўчалари бўйлаб ҳаракатланишлари мумкин.

Шу куни соат 9:00 дан 19:00 гача Абдулла Қодирий-Қорасарой кўчалари чорраҳасидан Қорасарой кўчаси бўйлаб Нурафшон-Қорасарой кўчалари чорраҳасигача ёпилиб, ҳайдовчилар Қорасарой кўчасидан кичик ҳалқа йўлигача ҳамда Нурафшон кўчасидан Себзор кўчаси бўйлаб ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Шунингдек, 16 ноябрь куни соат 10:00 дан 15:00 гача Ислом Каримов-Ботир Зокиров кўчалари чорраҳасидан Ислом Каримов кўчаси бўйлаб, Ислом Каримов-Фурқат кўчалари чорраҳасигача вақти-вақти билан қисман ёпилади. Ҳайдовчилар Ботир Зокиров-Алишер Навоий кўчалари ҳамда Олмазор-Бешёғоч кўчалари орқали Фурқат кўчасига ўтиши мумкин.

16 ноябрь куни соат 9:00 дан 15:00 гача Ислом Каримов-Фурқат чорраҳасидан Фурқат кўчаси иккинчи даражали йўл бўйлаб Хадра майдонигача ёпилиб, ҳайдовчилар Алишер Навоий ва Ислом Каримов кўчалари бўйлаб ҳаракатланишлари мумкин бўлади.

Шу билан бирга мазкур тадбирлар муносабати билан жорий йилнинг 14-17 ноябрь кунлари ҳудудлардан келаётган юк ташувчи транспорт воситаларининг Тошкент шаҳрига кириши чекланади. Шаҳар марказида эса юк ташувчи транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўлиқ тўхтатилади.
“Ҳурматли юртдошлар, халқаро тадбирлар доирасида белгиланадиган вақтинчалик чекловлар сабабли водийдан воҳага ҳамда воҳадан водийга ҳаракатланиш D012 автомагистраль йўли орқали амалга оширилишини маълум қиламиз. Сизлардан юзага келадиган вақтинчалик ноқулайликлар учун узр сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мезбонлик қиладиган Тошкент саммитида минтақа давлатлари етакчилари – Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашиши кутилмоқда.
Live
Барчаси