Санкт-Петербургда мигрантларга курьерлик қилиш тақиқланиши мумкин
Олам
−
29 Май 2604 3 дақиқа
Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри ҳокимияти мигрантларга курьер ва такси ҳайдовчиси сифатида ишлашни тақиқламоқчи. Ушбу тақиқ йил охиригача амал қилади. Бу ҳақда шаҳар маъмурияти сайтида эълон қилинган ҳужжатда сўз боради.
“2025 йил давомида Санкт-Петербург ҳудудида фаолият олиб борадиган хўжалик юритувчи субъектларга патент асосида меҳнат қилаётган хорижий фуқароларни қуйидаги иқтисодий фаолият турларига жалб қилишни тақиқлаш: енгил автомобилда такси фаолияти ва ҳайдовчили ижарага бериладиган енгил автомобиллар фаолияти, курьерлик фаолияти, турли транспорт воситалари ёрдамида етказиб бериш фаолияти, уйга озиқ-овқат етказиб бериш фаолияти”, дейилади қарор лойиҳасида.
Қарор кучга киргач, компания ва ташкилотларга кўрсатмаларни бажариш учун 3 ой вақт берилади. Меҳнат ва бандлик қўмитаси эса 2026 йил учун ҳам шунга ўхшаш тақиқни жорий этиш таклифини тайёрлаши лозим.
Шу билан бирга, Евроосиё иқтисодий иттифоқи шартномасига мувофиқ, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон ва Қирғизистон фуқаролари Россияда меҳнат фаолиятини патент ёки рухсатномасиз амалга ошириши мумкин.
Ҳужжатда, шунингдек, 1 июлдан бошлаб етказиб бериш билан шуғулланувчи компаниялар ва якка тартибдаги тадбиркорлар бир қатор махсус талабларни бажара бошлаши лозимлиги кўзда тутилган. Бу талаблар орасида етказиб бериш реестрини юритиш ва барча курьерларни, ҳатто пиёда ишлайдиганларини ҳам геолокация мосламалари билан жиҳозлаш бор.
Транспорт воситаларидан фойдаланувчи курьерлар ҳам бундай қурилмалар билан таъминланади, уларнинг ҳаракатланиш тезлиги эса 15 км/соат билан чекланади.
Бундан ташқари, курьерларнинг кийими, транспорти ва етказиб бериш сумкасида ягона идентификация рақами бўлиши мажбурий этиб белгиланмоқда. Қарор лойиҳасида, шунингдек, курьерлар ва уларнинг транспорт воситалари ташқи кўринишига қўйиладиган меъёрларга риоя қилиш зарурлиги белгиланган. Бу меъёрларни шаҳар транспорт қўмитаси белгилайди.
Қарор губернатор томонидан имзоланиб, расмий равишда эълон қилингач кучга киради.
Маълумот учун, шунга ўхшаш чекловлар Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилган. Масалан, Нижегород вилоятида меҳнат патенти асосида ишлаётган мигрантларга курьер, шифокор ва умумий овқатланиш соҳасида ишлаш тақиқланган. Ямало-Ненец мухтор округида эса мигрантларга транспорт соҳасида ишлаш ман этилган.
Жорий йил март ойида Санкт-Петербург вице-губернатори Игорь Потапенко шаҳар ҳудудида рўйхатдан ўтган мигрантлар сони 2024 йилда 60 фоизга камайганини маълум қилган. Унинг айтишича, ҳозирда шаҳарда тахминан 210 минг мигрант бор, уларнинг қарийб 21 минг нафари болалар. Потапенконинг фикрича, бу камайиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан назоратнинг кучайтирилиши билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санкт-Петербург шаҳрида 8 мингта кузатув камералари этник идентификацияни аниқлаш учун созланиши хабар қилинган эди. Россия Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш эса мансабдорларнинг этник идентификацияни камера тасвиридан аниқлаш ҳақидаги баёнотини “инсон қадр-қимматини таҳқирловчи” деб атаган.
Live
Барчаси