Марказий Осиё – Япония: 19 млрд долларлик ҳамкорлик ва янги стратегик босқич
Таҳлил
−
21 Декабрь 867 7 дақиқа
Марказий Осиё. Сўнгги йилларда минтақада кузатилган интеграция жараёнлари уни дунёдаги куч марказлари учун ҳам жозибадор нуқтага айлантирмоқда. 10 йиллар олдин ташкил этилган C5+1 формати эса давлат раҳбарлари даражасидаги саммитларга кўтарилмоқда. Биргина жорий 2025 йилда Хитой, Россия, Европа Иттифоқи ва АҚШ билан шу форматдаги саммитлар ўтказилди. Йил охирига келиб эса шу форматдаги саммит Япония билан бўлиб ўтди.
19-20 декабрь кунлари Токиода илк бор давлат раҳбарлари даражасида учрашган Марказий Осиё давлатлари ва Япония минтақавий ва глобал мураккабликлар ортиб бораётган шароитда сиёсий, иқтисодий ва соҳавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган янги асосларни белгилаб олди.
Ушбу платформа Япония томонидан бошқа мамлакатлардан олдин – 2004 йилда йўлга қўйилган. Бу форматдаги биринчи ташқи ишлар вазирлари учрашуви ўша йили августда Қозоғистонда бўлиб ўтган. Мазкур мулоқот доирасида ҳозирга қадар 10 та ташқи ишлар вазирлари учрашуви ўтказилган. Шунингдек, соҳавий мутахассислар ва бизнес ҳамжамияти иштирокидаги Экспертлар учрашувлари ва оммавий симпозиумлар, жумладан “Токио Диалоги” каби тадбирлар ҳам амалга оширилган.
Жорий саммит эса “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти ташкил этилганига қарийб йигирма йилдан ортиқ вақт ўтгач, илк бор давлат раҳбарлари даражасига кўтарилган учрашув бўлди. Марказий Осиёнинг беш давлати раҳбарлари Япония Бош вазири Санаэ Такаичи билан минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичини қандай шакллантириш масалаларини муҳокама қилди. Саммитда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Президентлари иштирок этди.
Бош вазир Санаэ Такаичи Марказий Осиёни геосиёсий ва иқтисодий аҳамияти ошиб бораётган минтақа сифатида таърифлаб, унинг Европа ва Осиё ўртасидаги туташ нуқта сифатидаги ўрни, энергетика ва минерал ресурслари, шунингдек, юқори иқтисодий ва демографик ўсиш салоҳиятини алоҳида таъкидлади.
У Марказий Осиёда саноатни ривожлантириш ва диверсификация қилишни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Япония билан ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган CA+JAD Токио ташаббуси ишга туширилганини эълон қилди.
Ушбу ташаббус “яшил тараққиёт ва барқарорлик”, “боғлиқлик (коннективлик)” ҳамда “кадрлар салоҳиятини ривожлантириш» каби учта устувор йўналишни қамраб олади ва келгуси беш йил ичида умумий қиймати 3 трлн иена (тахминан 19 млрд доллар) бўлган бизнес лойиҳаларини амалга оширишни мақсад қилади.
Саммит якунларига кўра табиий ресурслар билан боғлиқ таъминот занжирларини мустаҳкамлаш мақсадида иқтисодий хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Томонлар ҳамкорликнинг учта устувор йўналишини белгилаб берувчи қўшма декларацияни қабул қилди. Булар — транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва инсонлар ўртасидаги алмашинувларни кенгайтиришдир.
Токио декларациясида “қонун устуворлигига асосланган эркин ва очиқ халқаро тартиб”нинг аҳамияти алоҳида таъкидланган. Япония Марказий Осиёни Каспий денгизи орқали Европа билан боғлайдиган савдо йўналишини ривожлантиришда кўмак бериш, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатларини сунъий интеллект соҳасида қўллаб-қувватлашни таклиф қилди.
“Сўнгги халқаро вазиятдаги ўзгаришлар, жумладан Россиянинг Украинага бостириб кириши фонида Марказий Осиё атрофидаги муҳит тез ўзгармоқда. Бу эса минтақавий ва глобал ҳамкорликнинг аҳамиятини янада оширмоқда”, деди Япония Бош вазири Санаэ Такаити саммитда.
Ўзбекистон: инфратузилма, энергетика ва рақамли ҳамкорлик
Саммитда сўзлаган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Япония “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг 20 йилдан ортиқ вақт аввал ташаббускори бўлганини эслатиб, давлат раҳбарлари даражасидаги илк саммит ҳамкорликда янги босқични бошлаб берганини таъкидлади.
Президент икки йилда бир марта давлат раҳбарлари даражасида саммитлар ўтказишни таклиф қилди ва келгусидаги учрашувлардан бирига Ўзбекистон мезбонлик қилишга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, 2040 йилгача мўлжалланган, аниқ дастур ва лойиҳаларга йўналтирилган Марказий Осиё – Япония ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.
Иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон таклифларида марказий ўринни эгаллади. Ўзбекистон раҳбари Япония молиявий институтларининг фаол иштирокини қўллаб-қувватлаб, Марказий Осиёда инфратузилма ва саноатни ривожлантириш учун инвестиция жамғармаси ташкил этишни, шунингдек, саноат ҳамкорлиги ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш мақсадида япон технопаркларининг минтақавий тармоғини яратишни таклиф қилди.
Рақамли трансформация ҳам асосий йўналишлардан бири бўлди. Мирзиёев сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва рақамли ечимлар бўйича ҳамкорлик учун Марказий Осиё – Япония рақамли хабини яратишни таклиф қилди. Шунингдек, у Япониянинг юқори тезликдаги темирйўллар, автомагистраллар, аэропортлар ва рақамлаштирилган транспорт коридорлари каби йирик транспорт лойиҳаларида иштирок этишига қизиқиш билдирди. Бу борада Sojitz компанияси билан янги Тошкент халқаро аэропорти бўйича олиб борилаётган ҳамкорликни мисол сифатида келтирди.
Президент Мирзиёев Ўзбекистон 2035 йилгача углерод чиқиндиларини 50 фоизгача камайтириш, 2030 йилгача эса электр энергияси ишлаб чиқаришда яшил энергия улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилганини таъкидлади. У қайта тикланувчи энергия бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, когенерация технологияларини жорий этиш, углеродни ушлаб қолиш ечимларини татбиқ этиш, ҳамда Тошкентда минтақавий қайта тикланувчи энергия бўйича ўқув марказини ташкил этишни таклиф қилди.
Шунингдек, у ҳаво сифати, иқлимга мослашув ва сейсмик хавфсизлик масалаларида яқин ҳамкорликка чақириб, япон тажрибасига таянган ҳолда муҳандислар, архитекторлар ва фавқулодда хизматлар ходимларини тайёрлашни ўз ичига олган минтақавий дастурни ишлаб чиқишни таклиф этди.
Қозоғистон: транзит, энергетика ва сув хавфсизлиги
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиёнинг транспорт ва логистика хаби сифатидаги ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлаб, Осиё ва Европа ўртасидаги қуруқлик орқали ташиладиган юкларнинг 80 фоиздан ортиғи Қозоғистон ҳудуди орқали ўтишини қайд этди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик Қозоғистон Президентининг чиқишида алоҳида ўрин эгаллади. Тўқаев мамлакат анъанавий ва тоза энергия лойиҳаларида япон технологиялари ва инвестицияларига қизиқиш билдириб, адолатли ва мувозанатли энергетик ўтиш зарурлигини таъкидлади. У Қозоғистоннинг йирик кўмир ишлаб чиқарувчи давлат экани ва жаҳон ядровий ёқилғисининг тахминан 40 фоизини етказиб берувчи сифатидаги ўрнига ишора қилиб, ядровий хавфсизлик, чиқиндиларни бошқариш ва мутахассислар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини қайд этди.
Қозоғистон Президенти, шунингдек, Марказий Осиёда нодир ер элементлари ва бошқа муҳим минерал ресурслар захиралари мавжудлигини таъкидлаб, минтақа глобал таъминот занжирларида янада фаол ўрин эгаллаши мумкинлигини билдирди. У кончилик соҳасини рақамлаштириш ва атроф-муҳит барқарорлигини оширишга қаратилган, Япония билан биргаликда ишга туширилган Next-Generation SmartMining Plus лойиҳасини қўллаб-қувватлади.
Тўқаев, шунингдек, сув хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалигининг аҳамиятига эътибор қаратди. У сув тежовчи технологиялар, амалий илмий тадқиқотлар ва сунъий йўлдош орқали мониторинг соҳаларида яқин ҳамкорликни таклиф қилди. Шунингдек, япон олимлари ва экспертлари иштирокида барқарор қишлоқ хўжалиги бўйича илмий-тадқиқот платформасини ташкил этиш таклифини илгари сурди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Япония Бош вазири навбатдаги Марказий Осиё – Япония саммити Қозоғистонда ўтказилишига келишиб олди.
Бизнес форуми ва келишувлар
Саммитдан сўнг давлат раҳбарлари савдо, инвестиция ва саноат ҳамкорлигига бағишланган кўп томонлама бизнес форумида иштирок этди. Форум доирасида қатор қўшма лойиҳалар тақдим этилди. Жумладан, Sumitomo, Chubu Electric Power ва Shikoku Electric Power компаниялари томонидан JBIC ва NEXI қўллаб-қувватлови билан Ўзбекистонда иккита қуёш электр станцияси қуриш лойиҳалари, Toyota Tsusho иштирокида IT инфратузилмасини модернизация қилиш, Sojitz томонидан кўп тармоқли тиббий марказ ташкил этиш ҳамда JOGMEC иштирокида муҳим минерал ресурслар соҳасидаги лойиҳалар шулар жумласидандир.
Саммит доирасида давлат ва хусусий сектор вакиллари томонидан 150 дан ортиқ ҳужжат имзоланди ва тақдим этилди. Шунингдек, Япония Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон учун грантлар ва кредитлар кўринишидаги янги расмий тараққиёт ёрдами (ODA) лойиҳаларини, шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) билан ҳамкорликда минтақавий табиий офатлар хавфини камайтириш дастурини эълон қилди.
Саммит якунлари бўйича раҳбарлар Токио декларациясини қабул қилди. Унда Марказий Осиё давлатлари ва Япония ўртасидаги ҳамкорликнинг келишилган асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Ўзбекистон ва Япония муносабатлари янги даражага чиқди
Саммит учун Токиога борган Марказий Осиё давлатлари Президентлари Япония раҳбарияти билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Япония Бош вазири Санаэ Такаичи билан музокаралари натижасида икки давлат орасидаги муносабатлар кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Етакчилар Келгуси авлодлар учун кенгайтирилган стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади.
Live
Барчаси