Саудия Арабистони Маккада улкан лойиҳага старт берди (видео)

Олам

image

Саудия Арабистони “Подшо Салмон дарвозалари” номли улкан лойиҳани ишга туширди. Бу лойиҳа дунёдаги энг катта масжид – Макка шаҳридаги Ал-Ҳарам масжиди атрофидаги 12 миллион квадрат метр майдонни ўз ичига олади. Бу ҳақда Саудия ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, валиаҳд шаҳзода ва мамлакат Бош вазири Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд “Подшо Салмон дарвозалари” лойиҳасининг стартини эълон қилган. Лойиҳа “Vision 2030” миллий дастури доирасида, мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш мақсадида амалга оширилади.

“Подшо Салмон дарвозалари лойиҳаси Ал-Ҳарам масжиди яқинида жойлашган стратегик ҳудудда қурилади ва кўп функцияли мажмуа бўлади. У Маккадаги инфратузилма ривожланишида сифат жиҳатидан янги босқични таъминлайди ҳамда шаҳарни урбанистик ривожланишнинг глобал моделига айлантиради”, дейилади хабарда.

Лойиҳага кўра, 2036 йилга бориб бу мажмуа 900 минг нафар зиёратчини қабул қила олади. Унда ёпиқ ибодат заллари, очиқ ҳовлилар, тураржойлар, маданий масканлар ва хизмат кўрсатиш иншоотлари бўлади. Шунингдек, 19 минг квадрат метр майдондаги тарихий ва маданий ҳудудлар реконструкция қилинади ҳамда 300 мингта янги иш ўрни яратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони “Мукааб” деб номланган дунёдаги энг катта бино лойиҳасини қуришни бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Бу бино пойтахт Ар-Риёд шаҳрида жойлашган ва 400 метр баландликдаги улкан куб шаклида бўлади. Қурилиш якунлангач, у дунёдаги энг катта бино бўлиши кутилмоқда ва 2 миллион квадрат метр майдонни қамраб олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Макка Подшо Салмон дарвозалари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг