Сербиялик машҳур ҳакам жиноий гуруҳ аъзоси бўлиши мумкин

Спорт

image

Сербиялик таниқли баскетбол ҳаками Урош Николич халқаро полиция операцияси давомида уюшган жиноятчилик гуруҳига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди. 40 ёшли ҳакам Сербия прокуратураси томонидан  жиноий гуруҳ таркибида бўлганликда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда “Blic” нашри хабар берди.

Сербия ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотига кўра, Николич полициянинг Уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси буйруғига асосан қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, жиноий гуруҳ аъзолари оғир жиноятлар, жумладан, қотиллик, қотилликка уриниш ва жамоат хавфини келтириб чиқариш каби жиноятларда айбланмоқда. Полиция директори Драган Василевич операция Europol ва Eurojust билан ҳамкорликда ўтказилганини, Сербия ва хорижда жами 29 киши ҳибсга олинганини маълум қилди.

Белграддаги Олий суд ҳузуридаги махсус бўлимда гуруҳ аъзоларига нисбатан жиноий иш қўзғатилмоқда. Гумонланувчилар Сербия Жиноят кодексининг 346- ва 114-моддаларида назарда тутилган оғир шаклдаги жиноятларда айбланган. Тергов маълумотларига кўра, бу гуруҳ 2020–2021 йилларда бир нечта қотиллик, учта қотилликка уриниш ва умумий хавф туғдирувчи жиноятлар содир этган.

Маълумот учун, Урош Николич Евролига мусобақаларида ўйин бошқарган энг машҳур серб ҳакамларидан бири ҳисобланади. У 2021 йилда Истанбулда ўтган “Anadolu Efes” – “Барселона” финалида ҳамда 2024 йилда Берлиндаги “Панатинаикос” – “Реал Мадрид” учрашувида бош ҳакам сифатида ишлаган. Евролига расмий сайтида у ҳанузгача мусобақа ҳакамлари рўйхатида қайд этилган, бироқ ташкилот ҳозирча унинг ҳибсга олиниши бўйича расмий баёнот бермаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Сербия баскетбол Евролига Урош Николич

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг