Сергели машина бозорида 100 нафар “сайгак” ушланди (видео)
3-саҳифа
−
30 Май 11999 2 дақиқа
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган “Сергели” МЧЖ машина бозорида ноқонуний фаолият олиб борувчи фирибгарларга нисбатан 8-9 йиллик қамоқ жазолари тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ИИББ ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Тошкент шаҳри ИИББ томонидан ўтказилган тезкор профилактик тадбирда Сергели тумани машина бозорида ноқонуний фаолият олиб бораётган ҳамда ўртакашлик (сайгаклик) қилаётган бир қатор шахслар аниқланиб, уларни туман бошқармасига олиб кетилган ва ҳужжатлар расмийлаштириб, тегишли чоралар кўрилган.
Маълум қилинишича, жами 100 нафар шахс аниқланган. 50 таси билан профилактик суҳбат ўтказилган бўлса, улардан 30 нафарига Сергели тумани суди томонидан маъмурий қамоқ ҳамда жарима жазоси тайинланган.
Билдирилишича, 2025 йил ҳамда 2026 йилнинг ўтган даврида шу каби ҳолатлар юзасидан 10 га яқин жиноят аниқланган.
Масалан, 2026 йилнинг январь ойида фуқаро Тожибоев томонидан Сергели тумани ҳудудида жойлашган автотранспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари бозори ҳудудида бир неча фуқароларни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан уларнинг мулкини қўлга киритиш мақсадида гўёки уларга автотранспорт воситасини арзон нархларда сотишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган мулкларини ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборганлик ҳолати аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди томонидан фуқаро Тожибоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “А” банди билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Бундан ташқари, 2026 йилнинг январь ойида фуқаро Шерқобилов ҳам автомашина бозори ҳудудида худди юқоридагидек фирибгарлик ҳолатларини амалга оширгани маълум бўлган.
Ҳозирги кунда фуқаро Шерқобиловга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “А” банди билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида ўқишга ва ишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолати фош этилган эди.
Live
Барчаси