Севгиси рад этилган йигит машина ўғирлади

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳрида севган қизи совчиларга рад жавобини бергани учун аламидан машина олиб қочган йигит 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Бектемир тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шоҳруҳ Бозоровнинг иш юритуви асосида пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

“Севган қизимга совчи юборсам, совчиларга рад жавобини беришибди. Бундан роса жаҳлим чиқди. Ўқисам, ишласам, ичмасам, чекмасам, ақли-ҳушим жойида бўлса... Мендекларни кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмайди-ку, буларнинг нозу фироғига ўламанми?! Бир сираси бориб роса тўполон қилгим келди-ю, аммо зўрға ўзимни босдим. Бироз жаҳлимдан тушиш учун кўчага чиқиб кетдим. Айланиб юрсам, банк олдида турган Lacetti автомашинасига кўзим тушди. Қарасам, эшиклари очиқ. Калити ўт олдиргичда. Хаёлимга бир миниб кўчасидан ўтиб, ўзимни кўрсатиб, ҳаммасини ҳайрон қолдиргим келди”, деб кўрсатма берган тергов жараёнида йигит.

Қайд этилишича, 2024 йилнинг 23 апрель куни соат 15:00 ларга яқин Р.М. А.А.га тегишли бўлган Lacetti автомашинасини олиб қочиб, ўзи ёзганидек, “ўзини кўрсатиб қўймоқчи бўлиб” қизнинг уйи томон ҳайдаб кетаётганида, светофорга тўхтаганда ўйланиб қолган. Қилган қилмишидан пушаймон бўлиб, автомашинани шу ерда йўл четига қолдириб кетган. Бироқ дарҳол ички ишлар органларига хабар бермаган. У тонгги соат 06:30 ларда 102 га қўнғироқ қилган. Lacetti эгаси бу вақтда машинаси олиб қочилганидан бехабар бўлган. Автомашина бешикаст, безиён эгасига қайтарилган. 

Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида 1995 йилда туғилган Р.М.нинг иши қонунан кўриб чиқилган. У Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан айбли деб топилган. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, автомашинани бешикаст эгасига етказгани инобатга олиниб, унга нисбатан 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарё вилоятида Cobalt машинасини олиб қочган 2 нафар йигит уларни Ички ишлар идорасига олиб кетаётган ходимни ҳам пичоқлаганди. Улардан бирига 9 йилу 6 ой муддатга, бирига эса 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Бектемир

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг