SEX TRAFFICKING ёхуд Ўзбекистонлик қиз ортидан “Гуноҳлар ороли”га йўл

Таҳлил

image

Жеффри Эпштейн, бу исмни ҳеч бўлмаса бир марта эшитган бўлсангиз керак. Дунё 2026 йилнинг январь ойини Венесуэла Презеденти Николас Мадурони ўғирланиши билан бошлаб, Эпштейн исми атрофида бошланган машмашалар билан якунлади.

Жеффри Эпштейн – тарихдаги энг йирик жинсий савдо тармоғи асосчиси. Вояга етмаган қизларга нисбатан куч ишлатиш, алдаш, қўрқитиш ёки мажбурлаш орқали жинсий эксплуатация қилиш (sex trufficking) ортидан дунёнинг энг таъсирли шахсларини ўз иродасига бўйсиндира олган Эпштейн ҳақида турли конспирологиялар мавжуд. Баъзилар уни омадли миллиардернинг жирканч тақдири сифатида таърифласа, яна баъзи бир инсонлар учун бу исм Исроилнинг давлатларни назорат қилиш учун “яратган қўғирчоғи”ни англатиши мумкин. Аммо, бир нарса аниқки, ушбу яҳудий таклиф этган “хизматнинг” мижозлари сероб бўлган.

Эпштейннинг шахсияти, ҳаёти ва ўлими ниҳоятда сирли ҳамда шов-шувли ва бу шовқин тўлқини, ҳатто унинг ўлимидан кейин ҳам давом этиб келмоқда. Унга тегишли Пандора қутисининг (миф. барча кулфатлар манбаи рамзи) очилиши сиз ва бизга таниш бўлган юзлаб инсонлар ҳақидаги тасаввурларимизни ўзгаришига олиб келди.

Ким у Жеффри Эпштейн?

Жеффри Эдвард Эпштейн 1953 йил 20 январда Нью-Йорк штатининг Бруклин шаҳрида туғилган. Унинг ота-онаси Сеймур Жорж Эпштейн (1916-1991) ва Паулин “Паула” Столовский (1918-2004) яҳудий эди.

21 ёшида Эпштейн Манхэттендаги Дальтон мактабида ўсмирлар учун физика ва математика ўқитувчиси сифатида ишлай бошлади. Унинг қизларга суяги йўқ, феъли ўша пайтлардаёқ намоён бўла бошлаган эди. Кейинчалик тасодифий танишувлар ортидан унинг карьераси Bear Stearns инвестиция банкида давом этди. Беш йиллик қисқа иш фаолияти давомида Жеффри банкнинг бой мижозлари билан алоқа ўрнатишга муваффақ бўлди ва 1981 йилда очиқланмаган сабабларга кўра банкдаги фаолиятини тўхтатди. Шу йилнинг ўзида у “International Assest Group” (IAG) номли молиявий консультация компаниясига асос солди ва банкда танишган миллионер дўстларига активларини тиклаш ва йўқолган активлар бўйича маслаҳатлар бериш билан шуғулланди. Тармоқларда чиқарилган маълумотларга кўра, у айнан шу фаолияти ортидан беш йилда жуда катта даромад топган ва Financial Trust Сompany молиявий бошқарув компаниясига асос солади.

Бир қарашда ҳаммаси ишонарлидек, лекин воқеалар ривожи Голливуд фильмлариникидан-да тез ривожланиб, қаҳрамонимиз жуда қисқа вақт ичида оддий ўқитувчидан мамлакатнинг энг йирик молиявий компаниясига асос солиши баъзилар учун нотабиий туюлиши мумкин.


Эпштейн фамиляси тарихда муваффақиятли молиячи сифатида эмас, дунёда энг йирик жинсий савдо тармоғини яратганлиги ва бу хизмати орқали номдор сиёсий арбоблар ёки бошқа соҳадаги машҳурларга ўз таъсирини ўтказа олган шахс сифатида қолди. Турли манбаларга кўра, Эпштейн 2000 йиллар бошидан кўплаб қизларни ўзига жалб қилиш, эксплуатация қилиш ва улардан шантаж механизми сифатида фойдаланиш билан шуғулланган.

1998 йилда Жеффри Эпштейн 7,95 миллион долларга АҚШнинг Виржин оролларидан бирини сотиб олади ва барча компанияларини шу оролга кўчиради. Бу орол нафақат Жеффрининг молиявий империяси маркази, балки дунёнинг машҳурларига жинсий эҳтиёжларини қондириш имконини берувчи хизмат кўрсатиш макони сифатида ҳам ном қозонди. Оролнинг норасмий номлари орасида “Ишрат ороли”, “Гуноҳлар ороли” ва “Педофиллар ороли” кабилар борлиги ҳам бежиз эмас.

Жеффри Эпштейнга нисбатан 2005-2019 йиллар оралиғида икки марта жиноий иш очилиб, 2011 йилда 13 ойлик юмшатилган (кундузи ишга чиқишга рухсат берилган) қамоқ жазоси белгиланади. Аммо, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидек, қамоқдан чиққан Эпштейн вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқада бўлишдан тўхтамади. Унга нисбатан 2019 йилда иккинчи жиноий иш очилади ва тергов бошланади. Тергов жараёнида ҳибсда бўлган Жеффри номаълум сабабларга кўра қамоқхонада ўлик ҳолда топилади. Видеокамералар ўчирилган, тунги қўриқчилар ухлаб қолган, хуллас, ҳақиқий Голливуд киноси. Аммо унинг ўлими оламшумул жиноий ишнинг бошланиши эди, холос.

Жиноятнинг янги далиллари

2025 йилнинг 15 июлида АҚШ Конгрессида HR4405 – Эпштейн файлларини очиқлаш бўйича акт таклиф қилинган эди. 12 ноябрь куни Жеффри Эпштейн иши тўғрисидаги 20 минг ҳужжат оммага ошкор қилингач, интернетда том маънода “катта тўполон” бошланган эди. Ошкор қилинган “мижозлар” рўйхати анча кенг эди. Пулдорларга жинсий эҳтиёжларини қондириш учун имкониятлар яратиб бериши билан танилган Эпштейн билан алоқада бўлиш ҳеч ким учун мақтанарли ҳол эмас.

Жорий йилнинг 30 январь куни эса Жеффри билан боғлиқ файлларнинг энг катта тўлқини оммага эълон қилинди. Сиздирилган 3 миллиондан ортиқ саҳифа ҳужжатлар, 180000 сурат ва тахминан 2000 га яқин видео материаллар интернетда “жирканч жиноятчи”, деб таърифланаётган шахс билан дунёнинг кўплаб нуфузли инсонлари алоқада бўлганлигини кўрсатди. Жеффрининг дўстлари қаторида АҚШ ҳокимиятининг турли даражадаги амалдорлари – Дональд Трампдан тортиб Билл Клинтонгача, Буюк Британиянинг собиқ шаҳзодаси Эндрюдан, ногирон физик Стивен Хокинггача минглаб исмларни учратиш мумкин. Баъзилар билан шунчаки “салом-алик” қилган бўлса, бошқалари билан ўзининг “фахш ороли”да кўнгилхушлик қилган.

Жеффрей Эпштейн билан Дональд Трамп ўртасидаги муносабатлар узоқ йиллар давомида жамоатчилик диққат марказида бўлиб келган. Трамп ва Эпштейн илк бор 1980–1990 йилларда Palm Beach (Флорида)да учрашган деб ҳисобланади. 2002 йилда Трамп “New York Magazine”га берган интервьюсида Эпштейн ҳақида шундай деган эди:

“Мен уни 15 йилдан бери танийман. Зўр одам. У билан бўлиш жуда мароқли. Ҳатто шуни ҳам айтишади: у мен каби гўзал аёлларни ёқтиради ва уларнинг кўплари ёшроқ бўлади. Шубҳасиз, Жеффри ўз ижтимоий ҳаётидан завқланади”.

Аммо, 2019 йилда Эпштейн ҳибсга олингач, Трампнинг у ҳақида позицияси ўзгаради. У Жеффри билан алоқаси анча олдин узилганини, унинг қилаётган ишлари ёқмаганини таъкидлаган. Яқинда очиқланган ҳужжатларда Трамп энг кўп тилга олинган шахслардан бири. Бироқ, кўплаб ҳужжатларда унинг бу жиноятларга шерик бўлганми ёки йўқ, далиллар етарли эмас. Ҳозирги пайтда Трампга нисбатан Эпштейн билан боғлиқ ҳеч қандай суд айблови ёки жиноят иши қўзғатилмаган.

Оммага тақдим этилган суратларда АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтонни бир неча бор учратиш мумкин. Эпштейн собиқ президент билан бир неча ижтимоий ва хайрия тадбирларида учрашган, шунингдек, Эпштейннинг хусусий самолётларида сафарлар қилганлиги ҳужжатлар ва медия ҳисоботларида қайд этилган. 2019 йилда собиқ президентнинг берган баёнотига кўра, унинг Эпштейн билан алоқалари асосан хайрия фаолияти ва профессионал учрашувлар билан боғлиқ бўлган.

“Мен Эпштейн билан бир неча бор учрашганман, аммо унинг жиноий фаолиятидан хабардор эмасдим. Мен ҳеч қачон Эпштейннинг ёш қизлар билан ноқонуний алоқаларига гувоҳ бўлмаганман ва ҳеч қачон бундай иш билан шуғулланмаганман”, деган эди Клинтон.

Аммо, суратларда “жаноб собиқ президентнинг” қучоғида қизлар билан сархуш инсондек кўриниш бергани, унинг гаплари рост эканлигига шубҳа уйғотади. Шундай бўлишига қарамасдан Клинтонга нисбатан ҳеч қандай жиноий иш очилмаган.

Эпштейннинг энг машҳур қурбонларидан бири шубҳасиз, Буюк Британиянинг собиқ шаҳзодаси Принц Эндрюдир. Очиқланган маълумотларда Эндрю Альберт Кристиан Эдвард Маунтбеттен-Виндзор номи кўп марта қайд этилган. Улар орасида баъзи фотосуратларда у номаълум аёллар билан тасвирланган, бироқ бу суратлар контекстга эга эмаслиги сабабли жиноят далили сифатида баҳоланмайди. “Epstein Files” эълон қилиниши ортидан Принц Эндрюнинг ҳолати жамоатчиликда катта реакцияга сабаб бўлган. 2025 йилда Қирол Чарльз III уни қироллик унвонларидан маҳрум қилган ва у Рояль Лодгедан кўчирилган.

Дунёнинг энг бой инсонлари – Илон Маск ва Билл Гейтснинг ҳам “жирканч молиячи” билан алоқалари борлиги кўпчилик учун янгилик бўлди. Билл Гейтснинг Жеффри Эпштейн билан алоқалари 2011–2014 йиллар давомида бир қатор учрашувлар орқали юз берган деб айтилади. Улар бир неча бор учрашган, шу жумладан, хайрия ва фонд фаолияти доирасида мулоқот қилганлар. Бироқ, Гейтс ўз изоҳида бу учрашувлар фақат хайрия тадбирлари ва мунозаралар учун бўлганини айтган ва уни таниганидан афсусланишини таъкидлаган.

Илон Маскнинг ҳам исми эълон қилинган ҳужжатлар орасида учрайди. Айтилишича, 2013–2014 йилларда Эпштейн билан электрон почта орқали мулоқотлар мавжуд бўлиб, у Жеффрининг Кариб денгизидаги хусусий оролига ташрифни режалаштириш ҳақида сўраган маълумотлар ҳужжатда сақланган. Бироқ Маскнинг ўзи бу ташриф охир-оқибат амалга ошмаганини ва Эпштейн билан яқин муносабатда бўлмаганини билдирган.

Янги очилган ҳужжатларда минглаб машҳурларнинг исми эсланган бўлса-да, негадир деярли ҳеч кимга нисбатан тергов иши очилмаган. Суратлар бошқа нарсани, суратлардаги инсонлар эса умуман бошқа нарсани гапиряпти. Ҳукумат эса “бойваччаларнинг” баёнотларига жимгина ишониб қолаётгандек туюлмоқда. Бу эса одамларда гўёки бу инсонлар “қонун қўли етмайдиган курсиларда ўтиради”, деган таассурот уйғотган бўлиши табиий.

Аммо, шуни ҳам инобатга олиш лозимки, миллионлаб ҳужжатларда бундай машҳур инсонларнинг исми учраши уларнинг барчаси жинсий жиноятларга алоқадорлигини билдирмайди. Негаки, ўзи ҳам миллиардер бўлган Жеффри Эпштейннинг бундай таъсирли шахслар билан алоқада бўлгани уларни жиноятларда иштирок этганлигини билдирмайди.

Бундан ташқари, Жеффри Эпштейн шахсияти Исроил томонидан яратилган конструкт бўлиши мумкин деган тахминлар ҳам йўқ эмас. Унинг “учқур” карьераси ортида Моссад турганлиги, “шантаж механизми” сифатида яратилган сохта миллиардернинг асосий вазифаси дунёнинг кўплаб таъсирли шахсларига жинсий алоқа хизматини таклиф қилиш бўлганлиги ҳақида назариялар тармоқларда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиб келган. Аслида ҳам сиёсий майдонда жинсий айбловлар кўп фойдаланиладиган “қора технологиялар”дан бири ҳисобланади.

Шунга қарамай, “Эпштейннинг жинсий савдо тармоғидан фойдаланган”, деб тахмин қилинаётган шахсларнинг обрўсига жиддий зарар етмоқда. Гарчи уларнинг айби ҳали исботланмаган бўлса-да, кўпчиликда уларга нисбатан салбий кайфият шаклланиб улгурди. Ҳарҳолда жинсий эксплуатация ҳазилакам айблов эмас. Ижтимоий тармоқларда улар иштирокида миллионлаб “мем”лар яратилмоқда.

Ўзбекистонлик қизнинг “меҳрибон дўсти”

Бу галги Эпштейнга таълуқли маълумотларнинг очилиши, унда ўзбекистонлик қизнинг эсланиши билан алоҳида аҳамиятлидир. 1991 йилда Самарқандда туғилиб, Тошкентда яшаб ўқиган қизнинг узоқ Америкадан бундай дўстнинг топиши кўпчиликни ҳайратга солди.

Асосий мақсади ўқиш учун пул топиш бўлган қизнинг Жеффри Эштейндек миллиардер жинсий жиноятчи билан қандай дўстлашгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ, лекин очиқланган ёзишмалардан кўриниб турибдики, Жеффри ўзининг ўзбекистонлик “танишига” яхшигина молиявий ёрдам бериб турган. Айнан Эпштейн унинг Парижга ўқишга боришини ташкиллаштирган. Бунинг эвазига у Жеффрининг Париждаги квартирасига тез-тез ташриф буюриб турган ва унинг дўстларига “хизмат” кўрсатган.

Қаҳрамонимиз Ўзбекистонда кўп яшамаган. Унинг 2014 йилда бир гуруҳ украинапараст фаоллар билан биргаликда Киевда бир қанча намойишлар ўтказгани ва бунинг натижасида Ғарбда анчайин кўзга кўриниб қолгани ҳақида маълумотлар бор.

3 миллион – бу катта рақам, аммо Эпштейга тегишли файллар ҳали тўла ўрганиб бўлинмган. Шундай экан ҳали бизни яна қандай ҳайратланарли хабарлар кутиб турибди, бу ҳали номаълум. Хуллас, “Эпштейн лойиҳаси” ҳалигача яшаб келмоқда, гарчи Эпштейннинг ўзи аллақачон ўлган бўлса-да.

 


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Трамп Илон Маск Билл Клинтон Эпштейн

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг