Шавкат Мирзиёев битирувчиларга табрик йўллади
Жамият
−
25 Май 1196 3 дақиқа
Бугун, 25 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларига ўз табригини йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Табрик матнида айтилишича, айни кунда 472 минг нафар ёшлар мактабни битирмоқда.
“Бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Мана шу ҳаяжонли дамларда 472 минг нафар ўғил-қизларимиз мактаб таълимини тугатиб, катта ҳаётга йўлланма олмоқда. Ана шундай унутилмас айём билан барчангизни чин қалбимдан самимий табриклайман.
Жорий йил биринчи марта 11 минг нафардан зиёд фарзандларимиз мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тамомламоқда. Бундай интилувчан ўғил-қизларимиз келажакда ҳам ўз тенгдошларига намуна бўлиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшади деб ишонаман”, дейилади Президент табригида.
Қўшимча қилинишича, битирувчиларнинг 171 нафари аллақачон дунёнинг етакчи университетларига ўқишга қабул қилинган.
“Мамлакатимизда 207 та олийгоҳ ва 643 та техникум сизларга замонавий билим, касб ва малака беришга тайёр. Тиришқоқ, ўз кучига ишонган ёшларимиз ҳали мактабни тугатмасдан туриб, юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларга киришга улгурди. Масалан, 171 нафар ёшларимиз дунёнинг етакчи университетларига, яна минглаб битирувчилар мамлакатимиздаги олийгоҳларга қабул қилинди. Ана шу фарзандларимни, уларнинг ота-оналари ва устозларини бундай ютуқлари билан чин дилдан табриклайман.
Азиз битирувчилар!
Ўзингиз кўряпсиз, бугун ҳаёт ҳам, меҳнат бозоридаги талаб ҳам шиддат билан ўзгариб бормоқда. Янги-янги касблар пайдо бўляпти. Тил, касб, компьютер саводхонлиги ва мустақил даромад топиш кўникмасини эгаллаш муҳим заруратга айланмоқда. Меҳнат бозори энди, аввало, “ҳужжат” эмас, амалий билим, малака ва натижа сўраяпти.
Бугун қишлоқдаги оддий мактаб битирувчиси эртага дунё тан оладиган олим бўлади. Бугун олдига катта мақсадлар қўйган, интилувчан, изланувчан ёшларимиз эртага миллионлаб инсонларга хизмат қиладиган технологияларни яратади. Бугун китоб ўқиётган бир қизалоқ эртага мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқадиган фарзандларни тарбиялайди.
Шу боис, ҳар бирингиз камида биттадан хорижий тил ва замонавий касбни эгаллашга ҳаракат қилинг. Бу келажакка очилган эшик, сиз учун қўшимча имконият ва рағбатдир”, дейилади табрикда.
Шунингдек, Президент стартап лойиҳаларни бошлаган битирувчиларга 100 миллион доллар тайёрлаб қўйилганини ҳам қўшимча қилган.
“Тадбиркор бўлишни истайдиган ёшларимиз учун банклар жорий йил 25 триллион сўм арзон кредитлар таклиф этмоқда. Стартап лойиҳаларини бошлаган битирувчиларга эса 100 миллион доллар маблағ тайёрлаб қўйганмиз. Энг йирик AT компаниялар ҳар йили камида 50 минг битирувчини сунъий интеллект бўйича ўқитиб, юқори даромадли ишга жойлаштиришга тайёр. Келгуси йилларда 168 минг гектар супер интенсив саноатлашган боғлар ташкил қиламиз. Мазкур лойиҳаларда қатнашмоқчи бўлган болаларимни мен доим қўллаб-қувватлайман”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шу билан бирга, Президент спорт соҳасида юксак поғонага эришган ёшларни мисол қилиб, бугунги битирувчилар орасида ҳам янги қаҳрамонлар чиқишига умид билдирган.
“Бугунги ҳаётимизда сизлар учун ўрнак бўладиган ютуқларимиз, ёш-ёш қаҳрамонларимиз кўп. Тўрт-беш йил олдин мактабни тугатган Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Абдусатторов, Абдуқодир Ҳусанов каби машҳур спортчиларимиз шахмат ва футбол оламида бутун дунёни қойил қолдирмоқда. Ёш кино ижодкорларимиз жаҳондаги обрўли кино анжуманларидан бири бўлган Канн фестивалида гран-при мукофотини олишга сазовор бўлди. Куни кеча футбол бўйича миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига катта тантана билан кузатдик.
Мен ишонаман, сизларнинг орангиздан ҳам ана шундай миллат қаҳрамонлари, Янги Ўзбекистон ифтихорлари етишиб чиқади!
Сиз бугун мактабни тугатдингиз, лекин катта ҳаёт мактаби энди бошланмоқда. Мен сизларга ана шундай тенгсиз бахт, юксак саодат эгаси бўлишларингизни тилайман. Олдингизга катта мақсадлар қўйишдан ҳеч қачон қўрқманг! Ўзингизга ишониб, ҳамиша олға боринг! Доимо ўзгаришлар, ислоҳотлар руҳи билан яшайдиган авлод бўлинг! Шу йўлдаги илк қадамларингиз қутлуғ ва баракали бўлсин! Барчангизга бахт ва омад ҳамиша ёр бўлсин, азиз фарзандларим!” дейилади табрикда.
Live
Барчаси