Шавкат Мирзиёев Фарғонадаги IT-парк билан танишди
Жамият
−
28 Апрель 1686 2 дақиқа
Бугун, 28 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона шаҳридаги IT-парк мажмуасида яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур мажмуа давлат раҳбарининг 2024 йил август ойидаги ташрифи давомида берилган топшириғи асосида барпо этилган. 150 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобига қурилган объект бир вақтнинг ўзида 200 нафаргача фойдаланувчини қамраб олади. Йилига 3 мингдан ортиқ ёшларни ўқитиш, уларни амалий лойиҳаларга жалб этиш ва АТ хизматларини кўрсатиш имконияти яратилган.


Марказда фрилансерлар ва дастурчилар учун замонавий коворкинг муҳити, резидент компаниялар учун тўлиқ жиҳозланган офислар ташкил этилган. Бу ерда таълим, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнлари ўзаро боғланган ҳолда йўлга қўйилган. Яратилган инфратузилма ёшларнинг ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтириб, барқарор даромад топишига хизмат қилади.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда Фарғона вилоятида АТ хизматлари ҳажми 4 баробарга ўсиб, экспорт 23 миллион доллардан ошган. Ҳозирги кунда вилоятда “IT-Park” резидентлари сони 139 тага етган. 2025 йилда 22,7 миллион долларлик ахборот технологиялари хизматлари экспорт қилинган.

Янги парк доирасида резидентлар сонини 200 нафарга етказиш, 700 та янги иш ўрни яратиш, хизматлар ҳажмини ошириш ҳамда 30 миллион долларлик экспортга эришиш мақсад қилинган.

Келгусида мазкур мажмуада сунъий интеллект технологиялари хабини ташкил этиш, бошқарув тизимларини рақамлаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Шунингдек, сунъий интеллект, дастурлаш, график дизайн, компьютер саводхонлиги ва инглиз тили бўйича замонавий ўқув курслари йўлга қўйилади. Стартаплар учун венчур молиялаштириш, грантлар ва акселерация дастурлари жорий этилади.

Президент парк резидентлари ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ёшлар билан мулоқот қилган. Улар томонидан илгари сурилган ташаббус ва ғоялар қўллаб-қувватланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида барпо этилган маданият ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари билан танишиб, унинг очилиш маросимида иштирок этганди.
Live
Барчаси