Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё сиёсатининг асосини айтди

Жамият

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни Ашхобод шаҳрида Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумда иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев сўзга чиқар экан, глобал миқёсда кескинлик сақланиб қолаётган ва давлатлар ўртасида ишонч заифлашаётган ҳозирги шароитда тинчликсеварлик ва воситачилик тамойилларига умумий содиқлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бораётганини қайд этди. Унинг айтишича, Туркманистоннинг 2025 йилни “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифи Айнан шу сабабли ҳам жаҳон ҳамжамиятининг энг муҳим талабларига жавоб беради.

Ўзбекистон ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ва БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциясининг ҳаммуаллифи бўлган.

“Ушбу глобал ғоя қарама-қаршиликларни рад этадиган, можароларни музокаралар столи атрофида ҳал қилишга содиқ ва тинчлик ўрнатиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш тарафдори бўлган мамлакатларнинг бирлашишига хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Шуни таъкидлашни истардимки, ўзаро ишонч, ҳурмат ва жипслик тамойиллари бизнинг Марказий Осиёни тинчлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик маконига айлантириш борасидаги сиёсатимизнинг ҳам асосидир.

Ўтган ойда Тошкентда бўлиб ўтган минтақа давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлар, кўпқиррали иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканимизни яна бир бор кўрсатди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Туркманистоннинг конструктив ҳамда тинчликсеварлик сиёсати Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Расмий Ашхобод 2018 йилда – кўп йиллардан буён биринчи марта Оролни қутқариш халқаро жамғармасига аъзо давлатлар раҳбарларининг биринчи саммитини ташкил этган ҳолда, Жамғарма доирасида олий даражадаги мулоқотларни қайта тиклашда катта роль ўйнади.

Шу йилнинг август ойида Авазада БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясининг ўтказилиши минтақада ягона транспорт-логистика маконини шакллантиришга муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этиш ва инфратузилмавий боғлиқликни кучайтириш орқали тинч йўл билан ривожлантиришга кўмаклашиш масалалари бўйича бизнинг ва Туркманистоннинг ёндашувлари тўлиқ мос келади.

Ашхободнинг энергетика ва сув хавфсизлиги, барқарор транспорт боғлиқлигини таъминлаш, шунингдек, минтақада экотизимни ҳимоя қилиш бўйича ташаббуслари бизнинг Марказий Осиёдаги саъй-ҳаракатларимизни табиий равишда тўлдирмоқда.

Туркманистоннинг замирида тинчлик ва ишонч каби эзгу ғоялар мужассам бўлган бу таклифлари унинг минтақа давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари форматида раислиги давомида кун тартибидан муносиб ўрин эгаллашига аминман.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган ҳамкорлик энг улуғвор режаларни ҳаётга татбиқ этиш имконини беради. Шунинг учун ушбу режаларни гуманитар ҳамкорлик орқали илгари суриш муҳим.

Шу муносабат билан келгуси йили Тошкентда ижодий жамоалар, олимлар ва адиблар иштирокида “Маданиятлар мулоқоти” деб номланган қўшма халқаро гуманитар форумни ташкил этиш, шунингдек, таълим, маданият ва волонтёрлик ҳаракати соҳаларидаги ташаббусларни биргаликда амалга ошириш орқали ёшларни тинчлик ва ишонч жараёнини мустаҳкамлашга жалб этишга йўналтирилган “Ёшлар тинчлик ва ишонч йўлида” минтақавий дастурини жорий этишни таклиф қиламиз.

Қадрли дўстлар!

Тинчлик ва ишонч – умумий фаровонлик асосидир. Бу қадриятларни мустаҳкамлаш бутун халқаро ҳамжамият учун ҳал қилувчи устувор йўналиш бўлиб қолиши зарур.

Ўзбекистон дунёда адолатли ва барқарор тартиботни барпо этишга бундан буён ҳам амалий ҳисса қўшишга тайёр.

Форум иштирокчиларига сермаҳсул фаолият, қардош Туркманистон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва янада равнақ топишни тилайман”, дея нутқини якунлади Шавкат Мирзиёев.

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ҳамда бошқа давлатлар етакчилари, ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Туркманистон Марказий Осиё Халқаро тинчлик ва ишонч йили

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг