Шавкат Мирзиёев Саудия элчисини мукофотлади
Жамият
−
29 Декабрь 1270 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 29 декабрь куни мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаётган Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ал-Утайбийни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари элчининг самарали фаолиятини ҳамда Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги ҳар томонлама шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
“Турли даражаларда тизимли мулоқот ва фаол алоқалар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми ва қўшма корхоналар сони жадал ўсиб бормоқда. Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари билан лойиҳалар портфели 27 миллиард доллардан ошди.
“Яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа устувор соҳаларда лойиҳа ҳамда ташаббуслар амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашган. Жорий йилнинг октябрь ойида Саудия Арабистонида Ўзбекистон маданияти кунлари юқори савияда ўтказилган. Ўзбекистон Ар-Риёдда бўлиб ўтган Халқаро китоб кўргазмасида иштирок этган.
Ўзбекистон етакчиси Саудия Арабистони Ҳукуматига фуқароларининг Ҳаж ва Умра амалларини адо этишига яратилган қулай шароитлар учун миннатдорлик билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Юсуф ал-Утайбийга Ўзбекистон – Саудия дўстлик ва кўп томонлама шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” орденини топширди.
Элчи унинг дипломатик миссиясига берилган юксак баҳо ҳамда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик ривожини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун мамлакатимиз етакчисига чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги дипломатик миссиясини якунлаган Франция Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезни қабул қилган ва элчига икки мамлакат ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” орденини топширганди.
Live
Барчаси