Шри-Ланкада 22 нафар роҳибдан 110 кило наркотик топилди
Олам
−
09:30 2268 1 дақиқа
Шри-Ланкада 22 нафар буддист роҳиб 110 килограммдан ортиқ наркотик моддаларни олиб киришга уринган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда “Daily Mirror” хабар берди.
Воқеа Бандаранаике халқаро аэропортида, пойтахт Коломбодан шимолда содир бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органлари бу мусодарани аэропорт тарихидаги энг йирик ҳолатлардан бири деб баҳоламоқда.
Маълумотларга кўра, роҳиблар Таиланддан келган бўлиб, уларнинг юкларидан жами 112 кг га яқин “каннабис” ва “гашиш” топилган. Мусодара қилинган ноқонуний юкнинг умумий қиймати 1,1 миллиард Шри-Ланка рупиясидан (тахминан 3,45 миллион доллар) ошади.
Қўлга олинганлар жорий йилнинг 26 апрель куни Негомбо судига олиб борилган. Тергов натижаларига кўра, бу операцияни мамлакатнинг ғарбий қисмидаги ибодатхонадан уч нафар роҳиб бошқарган. Қолган 19 киши эса Facebook орқали жалб қилинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, кўпчилиги 30 ёшга етмаган ёш роҳибларга бепул авиачипта, яшаш ва овқат ваъда қилинган. Уларга аслида мактаб ўқувчилари учун “ўқув материаллари ва ширинликлар” ташиётгани айтилган.
Шунингдек, Гампаҳа ҳудудида ушбу гуруҳнинг тахминий ташкилотчиси ҳам қўлга олинган. Тергов давомида аниқланишича, гуруҳ ўтган ой ҳам 12 нафар роҳиб иштирокида шунга ўхшаш операцияни амалга оширган ва яқин вақт ичида яна бир сафарни режалаштирган.
Live
Барчаси