Сил миллионлаб одамларни ўлдирмоқда – ЖССТ
Олам
−
14 Ноябрь 2766 2 дақиқа
Сил дунёдаги энг хавфли инфекциялардан бири бўлиб қолмоқда. У ҳар йили 1,2 миллиондан ортиқ одамни ҳаётдан олиб кетади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хабар берди.
Ташкилот маълумотларига кўра, 2020 йилда COVID-19 пандемияси бошланганидан бери илк марта касаллик тарқалиши камайишни бошлаган. Аммо ЖССТнинг янги ҳисоботида айтилишича, молиялаштириш етишмаслиги бу йўналишда йиллар давомида эришилган ютуқларни хавф остига қўймоқда.
“Сил касаллиги олдини олиш ва даволаш мумкин бўлгани ҳолда, ҳар йили миллиондан кўпроқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлаётгани – мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат”, деган ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебреисус.
ЖССТга кўра, силга қарши глобал дастурларни молиялаштириш 2020 йилдан бери тўхтаб қолган. 2024 йилда бу йўналишга атиги 5,9 миллиард доллар ажратилган. Бу эса 2027 йилгача ҳар йили керак бўладиган 22 миллиард долларлик белгиланган мақсаддан анча кам.
2000 йилдан буён силни ўз вақтида даволаш қарийб 83 миллион кишининг ҳаётини сақлаб қолган. 2024 йилда 8,3 миллион бемор даволанишга киришган – бу бутун касалланганларнинг 78 фоизини ташкил этади. 54 фоиз ҳолатларда касаллик экспресс-диагностика орқали аниқланган, сезгир сил шаклларини даволаш самарадорлиги эса 88 фоизга етган.
Таъкидланишича, сил энг кўп учрайдиган 30 давлат ичида ижтимоий ҳимоя даражаси жуда фарқ қилади. Масалан, Угандада 3,1 фоиздан, Монголияда 94 фоизгача. 19 та давлатда бу кўрсаткич 50 фоиздан ошмайди. Ҳисоботда, шунингдек, касалликни кучайтирувчи хавф омиллари – тўйиб овқатланмаслик, ОИВ, диабет, чекиш ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш экани айтилади.
Сил (туберкулёз) – бактерия сабаб бўладиган юқумли касаллик бўлиб, асосан ўпкани зарарлайди, лекин буйрак, суяк ёки мия пардалари каби бошқа аъзоларга ҳам тарқалиши мумкин. Касаллик ҳаво орқали юқади, яъни касал одам йўталганда ёки аксирганда бактериялар ҳавога тарқалади. Асосий белгиларига узоқ давом этадиган йўтал, иситма, кечаси терлаш, вазн йўқотиш, ҳолсизлик ва кўкрак оғриғи киради. Сил махсус антибиотиклар билан даволанади, одатда даволаниш 6 ой ёки ундан кўпроқ давом этади. Олдини олиш учун BCG вакцинаси, эрта аниқлаш ва касалланган одамни ўз вақтида даволаш муҳим ҳисобланади. Хавф омилларига тўйиб овқатланмаслик, ОИВ инфекцияси, диабет, чекиш ва спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш киради. Сил олдини олиш ва даволаш мумкин бўлган касаллик бўлса-да, кечиккан ҳолатларда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЖССТ неврологик касалликларнинг ортиб бораётгани ортидан ҳар йили дунёда 11 млн киши ҳалок бўлаётгани ҳақида хабар берганди.