Словакия ЕИни судга берди
Олам
−
08:48 2483 2 дақиқа
Словакия Европа Иттифоқининг Россия газини импорт қилишни тақиқлаш қарори устидан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда “Topky.sk” хабар берди.
Маълум қилинишича, Братислава бу қарорни Европа Иттифоқи судида кўриб чиқишни талаб қилган. Аввалроқ, Венгрия ҳам худди шундай даъво аризаси берган эди. Ҳар икки давлат мазкур қарорга қарши овоз берган, бироқ уни қабул қилиш учун барча аъзоларнинг розилиги талаб этилмаган.
Қарорга кўра, Россиядан суюлтирилган газ импорти 2027 йил 1 январдан, қувур орқали етказиб бериладиган газ эса 2027 йил 30 сентябрдан бошлаб тўхтатилади. Словакия эса Россия билан 2034 йилгача амал қиладиган газ етказиб бериш шартномасига эга бўлиб, ҳозир газни Турк оқими орқали олмоқда.
“Reuters” хабарига кўра, бу ташаббус айнан Словакия ва Венгриянинг ветосини четлаб ўтиш учун шундай шаклда ишлаб чиқилган қарорни қабул қилишда оддий кўпчилик овози етарли бўлган.
Словакия Бош вазири Роберт Фицо бу қарорни танқид қилиб, аъзо давлатларнинг вето ҳуқуқи бузилганини айтган. Венгрия Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто эса энергия импортини фақат санкциялар орқали тақиқлаш мумкинлигини, бунинг учун эса барча давлатларнинг розилиги талаб этилишини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи шартномаларига биноан ҳар бир давлат ўз энергия манбаларини мустақил танлаш ҳуқуқига эга. Шунингдек, бу қарор “энергетик бирдамлик” тамойилига ҳам зид экани қайд этилган.
Россия томони эса Европага газ етказиб беришга тайёр эканини билдирган. Владимир Путин март ойида агар Европа давлатлари узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр бўлса, Россия ҳам етказиб беришни давом эттиришга тайёр эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия газини Хитойга “Сибирь кучи” қувури орқали етказиб бериш 2025 йилда тўртдан бир қисмга, “Марказий Осиё– Марказ” тизими орқали Ўзбекистонга етказиб бериш эса 30 фоизга ошганди.
Live
Барчаси