Соат 22:00 дан кейин базмларни тўхтатиш буюрилди. Қирғизистонда!
Олам
−
13 Ноябрь 2156 2 дақиқа
Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида кўнгилочар масканлар фаолияти соат 22:00 дан кейин чекланади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Тегишли қарор Қирғизистон Республикасининг “Тинчлик тўғрисида”ги қонунини бажариш доирасида қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ, Бишкек ҳудудидаги умумий овқатланиш жойлари, маданий ва кўнгилочар масканлар (шу жумладан кафе, ресторан, бар, клуб, тўйхона ва бошқа шунга ўхшаш объектлар) раҳбарлари соат 22:00 дан кечиктирмай барча тантана ва кўнгилочар тадбирларни тўхтатиши, шунингдек, ушбу муассасалар фаолиятини якунлаши лозим.
Шунингдек, электр энергиясини истеъмол қилувчи барча қурилмалар, айниқса кўп қувват сарфловчилар (электр плиталар, иситгичлар, печлар ва ҳоказолар) соат 22:00 дан кейин ўчирилиши керак. Мазкур вақтдан кейин фуқароларнинг осойишталигини бузадиган баланд мусиқа, ёритиш ёки бошқа шовқинли тадбирларни ўтказиш қатъиян ман этилади.
“Электр генераторларидан фақат тураржойлардан узоқда жойлашган объектларда ва Қирғизистон Республикасининг “Тинчлик тўғрисида”ги қонуни талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда фойдаланишга рухсат берилади”, дейилади қарорда.
Туман маъмуриятларига шаҳар инспекцияси билан биргаликда ушбу масалани назоратга олиш ва мунтазам рейд тадбирларини ўтказиш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг пойтахти Бишкек шаҳрида давлат тилида ёзилмаган ҳамда тасдиқланган лойиҳа кодексига зид равишда ўрнатилган кўча номлари ва реклама ёзувлари олиб ташланаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси