Собиқ биринчи хонимнинг соғлиғи ҳақида маълумот берилди
Олам
−
17 Октябрь 2025 10706 2 дақиқа
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси Сара Назарбоеванинг соғлиғи ҳақида янги баёнот эълон қилинди. Бу ҳақда Нурсултон Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибайга таяниб, “Nur.kz” хабар берди.
Укибайнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда ва айрим ОАВда Сара Назарбоеванинг соғлиғи ҳамда жойлашуви ҳақида асоссиз ва нотўғри маълумотлар тарқалмоқда.
“Шу муносабат билан қуйидагиларни аниқлик киритиш зарур деб ҳисоблайман: Сара Назарбоева жорий йилнинг апрель ойидан буён Олмаота шаҳридаги Қозоғистон Республикаси Президент ишлари бошқармаси тиббиёт марказининг Миллий шифохонасида даволанмоқда. Барча тиббий муолажалар тасдиқланган тиббий ёрдам стандартларига мувофиқ, маҳаллий мутахассислар назорати остида амалга оширилмоқда”, дейди Укибай.
У, шунингдек, ОАВ вакиллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ҳурмат ва эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишга, Сара Алписовна номидан асоссиз миш-мишлар тарқатмасликка чақирган.
“Ишончли маълумотларни фақат расмий манбалардан олишни сўрайман”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, Сара Назарбоева 1941 йил 12 февралда туғилган. У 1991–2019 йиллар давомида Қозоғистоннинг биринчи хоними бўлган. У ижтимоий фаолияти билан танилган – “Бўбек” фонди асосчиси, болалар ҳуқуқлари, етимлар ва ўзини англаш дастурлари йўналишида фаол ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида 85 ёшли Сара Назарбоева вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўша куни Айдос Укибай бу маълумотни рад этиб, у даволанаётганини билдирган. Шунингдек, Сара Назарбоеванинг вафоти ҳақидаги ўхшаш миш-мишлар 2024 йил охирида ҳам тарқалган, ўшанда ҳам биринчи президент матбуот котиби бу хабарларни расман инкор этган.
Live
Барчаси