ССВ огоҳлантириш билан чиқди
Жамият
−
08 Август 16310 2 дақиқа
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни сохта табибларга алданиб қолишдан огоҳлантирди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 150 та тадбиркорлик субъекти тегишли лицензия асосида халқ табобати йўналишида самарали фаолият юритиб келмоқда. Бироқ сўнгги пайтларда тегишли ҳуқуққа эга бўлмасдан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш билан шуғулланаётган ҳамда бу орқали инсонлар соғлиғи ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётган сохта табиблар сони кўпайиб бормоқда.
“Энг ёмони хасталиклардан тез, осон, асоратсиз, муҳими табиий усул билан ва уй шароитида халос бўлишни истаганлар “ғайритабиий қобилиятларга эга”лигини иддао қилаётган, турли йўллар орқали одамлар ишончига кириб, ҳеч қандай тасдиқланмаган ҳамда тегишли синовлардан ўтмаган “хизмат”ларни таклиф этаётган шахсларга алданиб қолмоқда.
Айниқса, ижтимоий тармоқлар бу каби шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилувчи платформага айланиб бораётгани, уларнинг асосий аудиторияси ҳам, мижозлари ҳам оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқаролар бўлаётгани афсусланарли”, дейилади ССВ хабарида.
Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни огоҳлантириб, ижтимоий тармоқларда сохта табиблик билан шуғулланиб, ўзини реклама қилаётган ҳолатлар ва қўлланилаётган муолажа усуллари далилларга асосланган тиббиётнинг даволаш услубларига кирмаслигини билдирган.
Таъкидланишича, бундай сохта усуллар белгиланган диагностика ва даволаш миллий клиник протоколлари ҳамда стандартларига мутлақо мувофиқ эмас. Қолаверса, юқоридаги муолажалар билан шуғулланаётган шахсларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан фаолият юритишлари учун ҳеч қандай лицензия берилмаган.
“Шундай экан, ижтимоий тармоқлардаги сохта табиблардан огоҳ бўлинг! Ўзингиз, оила аъзоларингиз ва яқинларингиз саломатлигини хавф остига қўйманг!” дейилади хабарда.
Билдирилишича, бугунги кунда сохта табиблик фаолиятига чек қўйиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика халқ табобати илмий-амалий маркази томонидан мунтазам равишда ўқув-семинарлар ҳамда профилактик тадбирлар ўтказиб борилмоқда.
Маълумот учун, 2024 йилда лицензиясиз тиббий фаолият юритгани учун 38 та юридик шахснинг ҳар бири базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра эса 24 та юридик шахс молиявий жаримага тортилган.