Суд собиқ президент Саакашвили иши бўйича яна бир қарор чиқарди

Олам

image

Тбилиси шаҳар суди Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили ва махсус давлат қўриқлаш хизмати собиқ раҳбари Теймураз Жанашияни давлат бюджетига қарийб 9 миллион лари (3,3 миллион доллар) тўлаши бўйича қарор чиқарди. Бу ҳақда “Georgia Online” хабар берди.

2025 йилнинг мартида Тбилиси суди Саакашвилини катта миқдорда давлат маблағларини ўғирлашда айбдор деб топиб, 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Жанашия мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилди ва 300 минг лари жаримага тортилди.

Шундан сўнг Грузия Адлия вазирлиги Саакашвили ва Жанашияга нисбатан ўғирланган маблағлар учун 9 миллион лари миқдорида товон ундиришни сўраб даъво қўзғатди.

“Interpressnews” хабарига кўра, суд Саакашвили ва Жанашияни биргаликда давлат бюджетига 8,3 миллион лари тўлашга мажбур қилган. Шунингдек, Саакашвилига қўшимча 631 минг лари тўлаш мажбурияти юкланган.

Михаил Саакашвилининг адвокати Бека Басилая суд қарорини изоҳлар экан, суд тизими ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси асосчиси Бидзина Иванишвилининг буйруғига бўйсунишини айтди.

“Улар Саакашвили, масалан, Грузияда Дональд Трампни қабул қилиш ёки Вацлав Гавел қабрига гул қўйиш учун сарфланган харажатларни қоплаши керак, дейишади. Бу нимани англатади? Биз Саакашвилининг ишларида танлаб олинган, сиёсий сабабларга кўра ва мутлақо асоссиз қарорларни қайта-қайта кўрганмиз. Энди улар молиявий таъқибни ҳам қўшди. Апелляция берамиз, бизни ҳам худди шу ҳакамлар кутмоқда”, деди у.

Ўғирлаш ишидан кўп ўтмай, Тбилиси суди ҳам Саакашвилини чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбдор деб топди ва уни тўрт ярим йилга озодликдан маҳрум қилди. Иш полиция томонидан қидирувда бўлган Саакашвили 2021 йил 29 сентябрда Украинадан Грузияга яширинча қайтиб келганидан сўнг очилган. Собиқ президент 2021 йил 1 октябрда ҳибсга олинган.

Саакашвилига чиқарилган барча ҳукмларни инобатга олган ҳолда, у 2034 йилнинг 1 апрелигача 12 йилу 6 ойни қамоқда ўтказиши керак бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузия Президенти Михаил Кавелашвилининг мухолифат етакчиларини маҳаллий сайловларда иштирок этиши эвазига афв этиш таклифи собиқ давлат раҳбари Михаил Саакашвилига тааллуқли эмаслиги хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия давлат бюджети Михаил Саакашвили Тбилиси суди Теймураз Жанашия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг