“Сумкамда бомба бор”. Қозоғистонда ходимларни алдаган ўзбекистонлик жазоланди
Олам
−
05 Сентябрь 7958 1 дақиқа
Қозоғистоннинг Олмаота халқаро аэропортида Ўзбекистон фуқароси “сумкамда бомба бор” деб ҳазиллашгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Ҳодиса 2 сентябрь куни халқаро рейслар рўйхатидан ўтиш жойида содир бўлган. 18 ёшли йигит рўйхатга олиш бўлимида юклари орасида “атом бомбаси” борлигини айтиб, жамоат тартибини бузган. Оқибатда у майда безорилик учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, 78 640 тенге (1 млн 824 минг сўм) миқдорида жаримага тортилган.
Қозоғистон Транспорт полицияси маълумотига кўра, йил бошидан буён турли ҳуқуқбузарликлар сабабли 900 йўловчи поезд ва самолётлардан туширилган. Уларнинг 489 нафари темирйўл транспортида, 411 нафари эса ҳаво транспортида аниқланган.
Ҳуқуқбузарликларнинг кўпи спиртли ичимлик истеъмоли ёки маст ҳолда жамоат жойларига келиш, майда безорилик, вагонларда чекиш ва бошқа қоидаларга риоя қилмаслик билан боғлиқ. Полиция бундай хатти-ҳаракатлар жиддий хавф сифатида баҳоланиши ва ҳар қандай қўрқитиш ёки тартибни бузиш ҳолатлари қонуний жавобгарликка сабаб бўлишини яна бир бор эслатган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 август куни Қозоғистондаги Олмаота аэропортининг “Т-1” терминалидаги касса ёнида бир киши ўзини ёқиб юборишга уринганди. Полиция ходимлари аэропорт хавфсизлик хизмати билан биргаликда зудлик билан хавфсизлик чораларини кўрган ва ёнғин тезда ўчирилган.
Live
Барчаси