Тадбиркор танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди – Бизнес-омбудсман

Жамият

image

Қурилиш соҳасидаги коррупция ҳақида танқидий фикр билдирган тадбиркор Усмонжон Абдусаматов айтган гаплари учун жазоланишига йўл қўйилмайди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман хабар берди.

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда қурилиш соҳасидаги коррупцион ҳолатлар ҳақида фикр билдирган тадбиркор Усмонжон Абдусамадовга нисбатан босим бўлаётгани тўғрисида тарқалган ҳабарлар юзасидан ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинган. 

“Тадбиркор билдирган танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди. Мазкур ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорга нисбатан таъқиб сифатида баҳоланади”, дейилади хабарда. 

Бизнес-омбудсманнинг билдиришича, ҳар бир тадбиркорнинг эркин фаолият юритиши ва уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши қонун билан кафолатланган. Шу боис, тадбиркорлар дуч келган муаммоларни ҳал этиш Бизнес-омбудсманнинг устувор вазифаси саналади.

“Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тадбиркорларнинг очиқ фикр билдиришлари ва танқидий мулоҳазалари ҳукумат ислоҳотларини янада такомиллаштиришга ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Агар тадбиркор соҳа ривожи йўлида фикр билдирса, бу ҳолат танқид ва жазога сабаб бўлмаслиги лозим. Аксинча, бундай фикрлар муаммоларни ҳал этиш учун имконият сифатида қабул қилиниши зарур”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 август куни Савдо саноат палатасида қурилиш соҳаси тадбиркорлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда ўзини бир нечта қурилиш компаниялари раҳбари сифатида таништирган Усмонжон Абдусамадов Тошкент шаҳрида битта уй учун 200 минг долларгача, Тошкент вилоятида эса 100 минг долларгача харажат борлиги юзасидан даъво билан чиққанди. Унинг сўзларига кўра, “Ассалому алайкум” бўлмагунча, лойиҳа бўйича рухсатнома олишнинг деярли имкони йўқ. Тадбиркор, шунингдек, мутасаддилардан аризаларнинг асоссиз рад этилишига қарши чора кўришни сўраган. Унинг юрак ютиб айтган гапларидан сўнг, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Усмонжон Абдусамадовга нисбатан тегишли тартибда жавобгарлик чоралари кўриш ва ҳуқуқий баҳо берилишини сўраб, Ички ишлар вазирлигига расмий ариза киритганди.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Бизнес-омбудсман Усмонжон Абдусаматов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг