Танишинг! Украинага янги мудофаа вазири тайинланди

Олам

image

Украина Олий Радаси (парламенти) Михаил Фёдоровни мамлакат Мудофаа вазири лавозимига тайинлаш учун овоз берди. 

Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, тегишли қарорни 277 нафар халқ депутати қўллаб-қувватлаган, 9 нафари бетараф қолган, 32 нафар парламентарий овоз бермаган. Шу билан бирга, Фёдоров номзодига ҳеч ким “қарши” овоз бермаган. 

Шундай тариқа Олий Рада иккинчи уринишда Фёдоровни Мудофаа вазирлиги раҳбари этиб тайинлашга муваффақ бўлди, чунки кеча, 13 январь куни ушбу масала парламентда кўриб чиқилаётганда овозлар етарли бўлмаган эди. 

Мудофаа вазири лавозимига тайинланганидан сўнг, Фёдоров парламент залида қасамёд қилди. 

“Мен Мудофаа вазири лавозимига рақамли давлат қурган ва “Дію”ни (“Смартфондаги давлат” – мобил хизмати ва веб-портали – таҳр.) яратган вазир сифатида эмас, балки 2022 йилдан бери жамоаси узоқ вақт уруш учун ишлаган одам сифатида келяпман”, деган Фёдоров Рададаги лавозимга тайинланишидан олдин. 

Михаил Фёдоров 2025 йилда Бош вазир Юлия Свириденконинг янги ҳукуматида ўз лавозимини сақлаб қолди ва Украинанинг биринчи Бош вазири ўринбосари ва рақамли трансформация вазири этиб тайинланди. 

Бундан ташқари, Олий Рада бугуннинг ўзида собиқ Мудофаа вазири Денис Шмигални Бош вазир биринчи ўринбосари – энергетика вазири лавозимига тайинлади. Парламент ялпи мажлисида 248 нафар халқ депутат тегишли қарорни қўллаб-қувватлади. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 январь куни Украина Олий Радаси  Мудофаа вазири Денис Шмигал, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва рақамли трансформация вазири Михаил Фёдоров, Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюкни лавозимидан озод этишни маъқуллаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Украина Михаил Фёдоров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг